Прокуратура ва ИИВ тузилмасида янги лавозимлар жорий этилди

18 март куни Ўзбекистон президентининг «Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг асосий вазифалари қаторида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган ислоҳотларни самарали амалга оширишни таъминлаш ҳам киритилди. Шунингдек, Бош прокуратура тузилмасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ҳамда уларнинг ижроси устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган бош прокурор ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар прокурорларининг ўринбосарлари, шунингдек, транспорт прокурорининг катта ёрдамчиси лавозимлари киритилди. "Газета.uz"да реклама Бош прокуратуранинг Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси деб қайта номланди. Мазкур қарорга биноан, экин майдонларининг ўзбошимчалик билан эгалланишига чек қўйиш, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳолатини назорат қилиш каби бир қатор вазифаларга масъул бўлган ички ишлар вазири ўринбосари лавозими жорий этилди. Қарор билан Ички ишлар вазирлиги Молия ва моддий-техника таъминоти бош бошқармаси Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти этиб қайта ташкил этилди. Эндиликда, туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги экин майдонларида ҳақиқий аҳволни ўрганиш учун Давергеодезкадастр ёки унинг ҳудудий бошқармаларига учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш бўйича буюртма бериш ваколатига эга бўлди.

Место для вашей рекламы