Президент «Рақамли Тошкент» дастурини амалга оширишга рухсат берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 март куни Тошкентда рақамли технологияларни кенг жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжат билан «Рақамли Тошкент» комплекс дастурини амалга ошириш бўйича таклифга розилик берилди. Унинг асосий вазифаси шаҳар хизматларини бошқариш, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, йўл-транспорт соҳаси объектлари ва коммунал инфратузилмаларнинг интеграциялашган ахборот муҳитини яратишдан иборат. Пойтахтда тўпланган тажрибалар кейинчалик мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ этилади. Дастурга мувофиқ 2020 йилдан қуйидагилар амалга оширилади:1 майга қадар авиа, темир йўл ва бошқа транспорт хизматларига электрон чипталарни онлайн сотиб олиш ягона ахборот тизимини жорий этиш;1 сентябрга қадар барча умумтаълим мактабларида журнал ва ўқувчиларнинг кундаликларини қоғоз шаклида юритишни бекор қилиш ҳамда уларни электрон тарзда юритишга мўлжалланган ягона ахборот тизимини ишга тушириш;1 ноябрга қадар коммунал хизматлар (табиий газ, электр энергияси, ичимлик сув ва иссиқ сув) бўйича тўловларни онлайн тўлаш ҳамда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан электрон ҳамкорликни таъминловчи «Менинг уйим» ягона ахборот тизимини жорий этиш;1 декабрга қадар «Ягона электрон тиббий карта» ахборот тизимини жорий этиш ва «Электрон поликлиника» ахборот тизимига 62 та оилавий поликлиникани улаш. Қарор билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчилигида масъулияти чекланган жамияти шаклида Рақамли ривожланиш департаменти ташкил этилмоқда. Шаҳарнинг географик ахборот-таҳлил тизимини яратиш, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини, маълумотлар базаларини ва бошқа ахборот манбаларини ягона дастурий платформа орқали Тошкент ҳокимлигининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш департаментнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди. "Газета.uz"да реклама Департамент тузилмасида тармоқ Лойиҳа офислари ташкил этилади. Улар дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг концепциялари, лойиҳа ва техник ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тегишли йўналишлардаги ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва дастурий маҳсулотларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Лойиҳа офислари, шунингдек, шаҳар хизматларининг рақамли маълумотларини бирхиллаштириш ва уларнинг дастурга интеграциялашуви, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларида ягона идентификатор ва таснифлагичларни жорий қилиш ҳамда улардан фойдаланишни ҳам ўз зиммасига олади. Бундан ташқари, департамент ҳузурида «Рақамли пойтахт» ахборот-таҳлил маркази ташкил этилади. Ушбу марказ шаҳар хизматларида ахборот тизимларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги натижасида олинган маълумотларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, шаҳар атроф-муҳитини ривожлантиришда тизимли муаммоларни аниқлаш, шаҳар хизматлари самарадорлигини ошириш ва умуман, шаҳар муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. 1 апрелидан бошлаб қуйидаги йиғимлар ва жарималар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказилади: а) тўлиқ миқдорда: Тошкент шаҳрида ташқи реклама объектларида (конструкцияларида) ташқи рекламани жойлаштириш (тарқатиш) ҳуқуқи учун ойлик йиғим, ташқи реклама объектлари учун реклама жойлари паспортларини беришдан тушадиган маблағлар ҳамда ташқи реклама объектларини қуриш ҳуқуқи учун электрон аукцион якунлари бўйича тўланган маблағлар (аукцион савдоларини ўтказганлик учун савдо ташкилотчисига тўланадиган маблағ чегириб қолинган ҳолда); Тошкент шаҳрида ташкил этилган йўл четида пуллик вақтинча автомобиль тўхтаб туриш жойларида тўхтаб туриш қоидалари бузилганлиги учун жарималар; б) Тошкент шаҳрида махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация техника воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималарнинг 80 фоизи, қолган 20 фоизи эса — Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ижро аппарати тузилмасига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ҳоким ўринбосари — Департамент раҳбари лавозими киритилмоқда. 1 сентябрдан ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишда давлат органлари ва ташкилотлари қуйидагиларга мажбурдирлар:Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона технологик ечимлар, таснифлагичлар ва стандартлардан фойдаланиш;дастурий маҳсулотларни жорий этишда асосан лицензиялаш чекловларидан холи ягона очиқ форматдаги электрон ҳужжатлардан фойдаланишни таъминлаш;тасдиқланган тегишли миллий стандартлар ва техник талабларга мувофиқ аппарат-дастурий тизимларни ўрнатиш; б) 1 майдан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборотни шакллантириш, сақлаш ва қайта ишлаш фақат қуйидаги ноёб идентификаторлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:жисмоний шахслар — жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);юридик шахслар — солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);кўчмас мулк — кадастр рақами;манзиллар — географик код;транспорт воситалари — транспорт воситасининг идентификация рақами. Алоҳида ҳолларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тегишли йўналишларда махсус ўзига хос идентификаторлар белгиланиши мумкин. 1 майга қадар шаҳар инфратузилмасининг ҳолати, давлат хизматларининг сифати ва аҳолини қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш учун «Халқ назорати» портали ва мобил иловаси ишга туширилади. Рақамли Тошкент вазиятлар маркази Шайхонтоҳур тумани И.Каримов кўчаси 51-бинода жойлашган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳудудида қурилади.

Место для вашей рекламы