Peugeot Citroën билан қилинаётган лойиҳа ёпилди — «Ўзавтосаноат»

Uzbekistan Peugeot Citroёn Automotive (UzPCA) автомобиль заводи лойиҳаси расман ёпилди. Ушбу хабарни «Ўзавтосаноат»дан «Газета.uz»га тасдиқлашди. 2017 йилнинг май ойида «Ўзавтосаноат» ва Франциянинг Peugeot Citroёn автоконцерни ўртасида Peugeot ва Citroёn брендлари сотида енгил тижорий автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Худди шу йилнинг июлида «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида UzPCA ишлаб чиқариш мажмуаси пойдеворига капсула қўйиш маросими бўлиб ўтди. Заводни 2018 йил 10 декабрида ишга тушириш режалаштирилди. Бироқ 18 декабрда «Ўзавтосаноат» «бошланғич маълумотлардаги баъзи кўзда тутилмаган ўзгаришлар муносабати билан» автозавод лойиҳаси қайта кўриб чиқилишини маълум қилди. "Газета.uz"да реклама 2019 йил февралида «Ўзавтосаноат» раиси ўринбосари Азизбек Шукуров Uzbekistan Peugeot Citroёn Automotive заводи технологик жиҳатларни ҳисобга олмаганда тайёр эканини билдирди. Аввалроқ эса «Ўзавтосаноат» ва Volkswagen Group Rus Жиззах автомобиль заводи негизида енгил тижорий Caddy автомобилларини ишлаб чиқариш тўғрисидаги битимни имзолади. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 минг дона автомобилни ташкил этади. «Ўзавтосаноат»дан «Газета.uz»га маълум қилинишича, Volkswagen Group Rus билан қўшма лойиҳа учун ажратилган ишлаб чиқариш майдончалари «Ўзавтосаноат» маблағларига қурилган. «Завод қурилишига Франциянинг Peugeot Citroёn концерни маблағлари жалб этилмаган эди. Peugeot Citroën лойиҳаси ёпилди», — деди компания вакили. 2020 йилда тўртинчи авлод Volkswagen Caddy (2015 йилда тақдим этилган) автомобилларини икки модификацияда: етти ўринли йўловчи универсали ва юк ташувчи фургон шаклида ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. 2021 йилда эса бешинчи авлод Caddy (2020 йил февралида тақдим этилди) моделини тўлиқ циклда ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши лозим. «Ўзавтосаноат»дан аниқлик киритилишича, Volkswagen автомобиллари Ўзбекистонда кичик узелли йиғиш услубида (CKD) ишлаб чиқарилади.

Место для вашей рекламы