Пенсия тайинлашда архив маълумотномаси талаби бекор қилинмоқда

«Ўзархив» агентлиги томонидан фуқароларга давлат пенсияларни тайинлашда иш хақи ва иш стажи тўғрисидаги архив маълумотномаларини олиш бўйича ягона ахборот тизими яратилмоқда. Тизим тажриба-синов тарзида жорий йил 1 апрелдан ишга тушиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда агентлик директор Улуғбек Юсупов «Газета.uz» мухбирига маълум қилди. 2019 йил давлат архивларига 224 мингдан ортиқ фуқаро шахсан ташриф буюрган ва уларнинг кўпчилик шахсий таркибга оид ҳужжатлардан маълумотнома сўраган. Эндиликда ягона ахборот тизими орқали агентлик Пенсия жамғармасига сўралган маълумотнома электрон тарзда етказиб бериши мумкин. «Ушбу маълумотномаларни олиш учун давлат архивларига вақт сарфлаб келишлари талаб этилмайди. Давлат архивларига ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровларни юбориш ва уларни жавобларини олиш билан эндиликда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман, шаҳар бўлинмалари шуғулланади. Фуқароларга давлат архивларидан маълумотнома олиб келиш талабини қўйиш бекор қилиниши кўзда тутилмоқда», — деди Улуғбек Юсупов. Улуғбек Юсупов. Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги "Газета.uz"да реклама Унинг айтишича, ҳужжатларнинг барчасини рақамлаштириш катта маблағ, вақт ва меҳнат талаб этади. Қолаверса, шахсий таркибга оид ҳужжатлар 75 йил сақланади ва амалда унга бир марта мурожаат қилинади. Улуғбек Юсуповнинг таъкидлашича, пенсия тайинланиши учун фуқароларни сарсон қилмаслик мақсадида Пенсия жамғармасига мурожаат қилиш кифоя бўлади. «Биз тизимни рақамлаштирдик. Унга кўра, жамғармадан тушган сўровга қараб, маълумотнома юборилади», — дея қўшимча қилди у. Агентлик ушбу тизимни Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида синовдан ўтказишни режалаштирмоқда. Жорий йил якунига қадар лойиҳа қамрови бутун республикага ёйилиши кўзда тутилган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида пенсия ёшига етган шахс фақат битта паспорти билан мутасадди ташкилотга мурожаат қилиши зарурлигини уқтирганди. Давлат раҳбари турли қоғозбозликка чек қўйишга чақирган.

Место для вашей рекламы