Ҳозирги шароитда автомобиллар нархини кўтариш тўғри эмас — президент

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда автомобиллар нархи оширилганига ўз муносабатини билдирди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати. «Мана кўряпсизлар, автосаноатимиз раҳбарлари машиналар нархини оширишга қарор қилгани одамларнинг норозилигига сабаб бўлди. Бу иқтисодий жиҳатдан керакдир, лекин ҳозирги шароитда тўғри эмас. Биз халққа енгиллик яратишимиз лозим. Ҳар бир қарорни етти марта эмас, етмиш марта ўйлаш зарур. Аввало халқимизнинг сотиб олувчанлик қобилиятини мустаҳкамлаш керак», — деди Президент. Давлат раҳбари бозор иқтисодиётига ўтиш оғирлиги, лекин мамлакат шу йўлдан боришини таъкидлади. "Газета.uz"да реклама Яқинда UzAuto Motors ишлаб чиқараётган бир қатор Chevrolet моделлари нархларини оширгани жамиятда норозиликларни келтириб чиқарди. Компания нархларнинг оширилишини ички ва ташқи бозордаги макроиқтисодий ўзгаришлар билан боғлади. «Ўзавтосаноат» раҳбари Шавкат Умурзоқов эса «Газета.uz»га берган интервьюсида ишлаб чиқарувчининг таннархни пасайтириш бўйича мажбуриятларни бажараётганини таъкидлади. Ўз навбатида, Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors автомобиллари нархларини таҳлил қилишни режалаштираётганини ҳамда Инвестициялар вазирлигидан чет элдан автомобиллар олиб кирганлик учун бож миқдорини пасайтириш ҳамда сетификат бериш жараёнини соддалаштиришни сўрашини маълум қилди.

Место для вашей рекламы