«Қора бозор»даги чиптачиларга қарши курашда янги тизимдан фойдаланилади

Маданият вазирлиги оммавий томоша ва тадбирларнинг чипта нархини сунъий ошириб, «қора бозор»ни шакллантираётган шоввозларга қарши кураш эълон қилмоқда. Бу ҳақда вазир Озодбек Назарбеков журналистларга сўзлаб берди. «Тез орада Ягона электрон чипталар операцияси тизими ишга тушади. Ана кейин кассабоп томошалар учун чипталарнинг қўлга чиқиб кетиши камаяди, деб ўйлайман», — деди вазир. «Газета.uz»га маълум бўлишича, тизим чипталар олди-сотдиси билан шуғулланувчи онлайн майдон эмас, балки шу соҳани тартибга солувчи регулятор бўлади. Таъкидланишича, тизим синов-тажриба тариқасида март ойидан ишга тушади. Платформа орқали вазирликка қарашли барча муассасалар, яъни театр, музей, айрим санъат саройларига чипта сотиб олиш мумкин бўлади. «Чиптани муассаса вакили, томоша ўтказувчи агентлар, чипталарни сотувчи тижорий лойиҳа тақдим этиши мумкин. Қайд этиш керакки, вазирликка бевосита тегишли бўлмаган санъат саройлари, хусусий тижорий лойиҳаларнинг платформага уланиши мажбурий эмас», — деди вазирлик ходими. Қўшимча қилинишича, платформадан сотиб олинган чипта нархида регуляторнинг 6 фоизли хизмат ҳақи ҳам қўшиб ҳисобланади. "Газета.uz"да реклама «Энг асосий мақсад чиптанинг «қора бозор»га тарқалиб кетишига йўл қўймаслик. Шу туфайли, томошаларни ўтказишни учта категорияда сифатлаяпмиз. Шунга мос равишда чиптани сотиб олувчи ҳам ўз шахсини тасдиқлаши керак. Масалан, электрон почта, SMS хабар, жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) орқали чипта сотилишини йўлга қўямиз», — деди вазирлик вакили.

Место для вашей рекламы