Қонунчилик палатаси тўлиқ шаклланди

Ўзбекистон бўйича 25 та сайлов округида ўтказилган такрорий сайлов якунлари бўйича Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) етакчиликни сақлаб қолди. Бу ҳақда сайловларни ёритиш бўйича Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссияси йиғилишида эълон қилинди. Икки давра овоз беришлардан сўнг ЎзЛиДеП Қонунчилик палатасида 53 та, «Миллий тикланиш» — 36 та, «Адолат» — 24 та, Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) — 22 та, Ўзбекистон Экологик партияси — 15 та депутатлик ўрнига эга бўлди. Матбуот маркази қайд этишича, сайланган аёл депутатлар сони икки баробарга ошган. 2014 йили 24 нафар аёл ва 126 эркак сайланган бўлса, 2019 йилги сайловда 48 аёл ва 102 эркак Қонунчилик палатаси депутати бўлди. Қонунчилик палатаси депутатлигига янги сайланганларнинг ўртача ёши 46,4 ни ташкил этди. Депутатларнинг 6 фоизи 30 ёшдан кичик, 64,7 фоизи 30−50 ёш орасида, 29,3 фоизи эса 50 ёшдан катта. Энг ёши катта депутат ХДПдан Сафар Остонов, энг ёши ҳам ХДПдан сайланган Шерзод Раҳмонов — 26 ёшда. "Газета.uz"да реклама Такрорий сайловлар 25 та округдаги 1730 та сайлов участкасида бўлиб ўтди. Бунда 3 147 079 нафар фуқаролар Сайловчилар рўйхатига киритилган бўлиб, улардан 1 978 048 нафари такрорий овоз беришда иштирок этди. Бу такрорий овоз беришда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 62,8 фоизини ташкил этади. Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов қайд этишича, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ Бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси эга бўлди.

Место для вашей рекламы