«Ҳоким топшириғи билан» қоида бузган ҳайдовчи ишдан бўшатилди

«Тошкент» телеканалининг «Пойтахт йўлларида» кўрсатуви журналист ва операторига қўпол муносабатда бўлган, шунингдек, ёлғон маълумот берган Crafers корхонаси ишчиси Аброр Шарипов ишдан бўшатилди. Бу ҳақда корхонанинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълумот берилди. Маълум қилинишича, кўрсатувнинг 2019 йил декабрь ойида тасвирга олинган сонида Crafers рекламаси ёпиштирилган Malibu автомобили ҳайдовчиси Тошкентдаги Қоратош ва Самарқанд дарвоза кўчалари кесишмасидаги машиналар ҳаракатига халақит қилиб, транспортини йўл ёқасида тўхтатган. Кўрсатув ижодий гуруҳи камерасига тушиб қолаётганини сезган ҳайдовчи ким ва нима учун тасвирга олаётганини сўрайди. Шунингдек, у шаҳар ҳокимидан топшириқ олганини айтган. «Бу — реклама. Арчага яқинроқ туриши керак. Шаҳар ҳокими Жаҳонгир ака Ортиқхўжаев буйруғи билан келганман», — дея журналистга ўшқирган ҳайдовчи. Бироздан сўнг у машинага ўтириб, воқеа жойидан кетиб қолган. «Ўзбекистон Республикасида қонунлар устувор ва уларга барча фуқаролар амал қилиши лозим. Шу ўринда, юзага келган тушунмовчилик ва ноқулайликлар учун корхонамиз номидан узр сўраймиз», — дейилади Crafers хабарида. "Газета.uz"да реклама

Место для вашей рекламы