ОИИБ Бухорода сув тармоқлари инфратузилмаси учун 385 млн доллар ажратди

3 апрель куни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг (ОИИБ) директорлар кенгаши «Бухоро вилоятида ичимлик ва оқова сув тизими билан таъминлаш» кенг кўламли инфратузилма лойиҳасининг биринчи босқичини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 385 млн доллар миқдоридаги маблағларни ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумот берди. Вазирлик маълумотига кўра, лойиҳадан фойда олувчилар сони тахминан Бухоро вилоятининг 1,2 миллион аҳолисини ташкил қилиши кутилмоқда, шундан 540 минг киши биринчи марта марказлашган ичимлик суви таъминотидан ва 105 минг киши эса марказлашган оқова сув тизимидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Лойиҳанинг иккинчи босқичи қўшимча 620 минг кишига марказий ичимлик ва оқова сув таъминоти тармоғидан фойдаланишга имкон яратади. Умумий қиймати қарийб 600 млн долларни ташкил этадиган лойиҳа амалга оширилиши натижасида Бухоро вилояти ичимлик суви таъминот хизматлари билан тўлиқ таъминланади, вилоятнинг барча туманлари марказлари эса марказлаштирилган оқова сув тармоғи тизимига тўлиқ уланади, дейилади хабарда. "Газета.uz"да реклама Маълумот учун: Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Осиё ҳудудида инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ХХР раҳбарияти ташаббуси билан 2014 йил 24 октябрда ташкил этилган. Ўзбекистон 2016 йил 29 ноябрдан буён ОИИБ аъзосидир.

Место для вашей рекламы