Нур-Султон ва Олмаота карантин учун ёпилади

Қозоғистон президенти ҳузуридаги Фавқулодда вазият режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси 19 мартдан бошлаб Нур-Султон ва Олмаотада карантин режимини жорий этиш ҳақидаги қарор қабул қилди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар берди . Ушбу шаҳарларда COVID-19 билан боғлиқ вазият мураккаблашганини ҳисобга олган ҳолда ҳамда коронавирус Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларига тарқалишининг олдини олиш учун ушбу қарор қабул қилинди, дейилади хабарда. Карантин одамларнинг ҳаракатланиши, шунингдек, транспорт воситаларининг кириш/чиқишларига чекловларни назарда тутади. Нур-Султон ва Олмаота аҳолининг ҳаракатини чеклайдиган, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш ва ҳаётий таъминот тизимлари ишлашини оптималлаштириш учун секторларга бўлинади. "Газета.uz"да реклама Шаҳарларда жамоат транспорти кун давомида тўхтатилади ёки чекланади ва кечаси тўхтатилади. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари бозорлари, йирик савдо-кўнгилочар марказлари ва савдо уйлари фаолияти тўхтатилади, уларда фаолият кўрсатаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари савдоси бўйича объектлар бундан мустасно. Умумий овқатланиш объектлари карантин вақтида санитария-эпидемиология чоралари кучайтирилган ҳолда «мижозга етказиб бериш» тамойили бўйича ишлайди. Бундан ташқари, карантин зоналари аҳолисининг озиқ-овқат, дори-дармон, ҳаёт учун зарур бўлган буюмлар ва зарур товарларга бўлган ҳар кунлик эҳтиёжлари аниқланади. Бошқа ташкилий чоралар ҳам кўзда тутилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистондаги COVID-19 ҳолатлари сони 27 тага етди. Шулардан 16 та юқтириш ҳолати Нур-Султонда, 11 таси Олмаотада аниқланган.

Место для вашей рекламы