Нефть нархи кескин пасайди, рубль арзонлашди — жаҳон биржаларидаги қулашлар

9 март куни дунё бўйлаб нефть нархи кескин пасайиб, ҳозирда 35 АҚШ доллари атрофида бўлиб турибди. Бунинг оқибатида Россия рубли жаҳон бозорларида арзонлашди ва сўнгги тўрт йил ичидаги энг паст кўрсаткичларни қайд этди: 1 АҚШ доллари 75 рубль, 1 евро эса 85 рублдан кўпроқни ташкил этмоқда.Нимадан бошланди? Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти ОПЕКнинг Венадаги йиғилишида нефть қазиб чиқариш ҳажмини қисқартириш бўйича келишиш режалаштирилган эди. Бироқ Россия ушбу қарорга рози бўлмади. Бундан ташқари, Саудия Арабистони нефть нархлари бўйича чегирмалар жорий қилиниши ва қазиб чиқариш ҳажмини оширишини маълум қилди: апрелдан бошлаб кунига 10 млн баррель нефть қазиб олиш режалаштирилмоқда. Дунёнинг энг катта нефть истеъмолчиси ҳисобланган Хитойда коронавирус туфайли кўплаб ишлаб чиқариш заводлари фаолияти тўхтаб турганлиги учун, нефтга бўлган эҳтиёж 20 фоизга пасайди. Оқибатда жаҳон бозорларида нефть нархлари 30 фоизгача тушиб кетди.Биржалардаги «қулаш» Бу ўзгаришлар натижасида дунёнинг барча фонд биржалари душанба кунини қулаш билан бошлади. Жумладан, Осиё бозорларида Саудия Арабистонининг нефть қазиб чиқарувчи компанияси Aramco савдо қиладиган Tadawul биржаси 9 фоиздан кўпроққа қулади. Европада эса Германия ва Британия биржалари 8 ва 9,5 фоизга қулади. Америка биржалари Dow Jones ва S&P 500 иднексларининг 7 фоиз қулаши билан очилди, биржа 15 дақиқага фаолиятини тўхтатди. Агарда кун давомида қулаш 20 фоизга етса, биржа бир кунга ёпилади. "Газета.uz"да реклама Нефть ишлаб чиқарувчи компанияларнинг акциялари нархи ҳам кескин пасайиб бормоқда. Лондон фонд биржаларида «Роснефть» акциялари 22,45 фоизга, «Лукойл» акциялари 24,38 фоизга, «Новатэка» акциялари 25,41 фоизга, «Газпром» акциялари 18,07 фоизга, «Газпром нефть» акциялари эса 20,53 фоизга арзонлашди.Оқибатда… Иқтисодиёти нефтга боғлиқ бўлган қатор давлатлар ушбу вазиятда азият чекишлари мумкин. Агар Саудия Арабистони ва Россия Федерацияси келишувга эришмаса, барча нефть ишлаб чиқарувчи давлатлар иқтисоди зарар кўради, улар қаторида АҚШ санкцияларига учраган Венесуэла ва Эрон давлатлари ҳам бўлади. Fitch рейтинг агентлиги тадқиқотчилари фикрига кўра, нефть нархининг 30 АҚШ долларига тушиб кетиши Россияда бюджет дефицити ва девальвацияни келтириб чиқариши мумкин. Россия бюджети Urals нефтининг нархи бир баррель учун 42,2 АҚШ долларга тенг бўлган вазиятга мувофиқлаштирилган, у ҳозир 29 АҚШ доллари атрофида баҳоланмоқда. Россия марказий банкининг сценарийларига кўра, 2020−2022 йилларда нефтнинг бир баррели 25−35 АҚШ долларига тенг бўлса, Россия иқтисодиётида рецессия юзага келади, ЯИМ 1,5−2 фоизга камаяди, инфляция эса рубль қадрсизланганлиги боис 6,5−8 фоизга ошади. «Ривожланаётган бозорларнинг марказий банклари катта дилемма олдида қолишмоқда: иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш учун қайта молиялаш ставкасини пасайтириш керакми? Ёки ўз валюталарини қўллаб-қувватлаш учун қайта молиялаш ставкасини оширадиларми?» — дея фикр билдирган Fitch Solutions вакили Седрик Чехаб CNBC «Street Signs Asia» лойиҳасига берган интервьюсида.Қандай ҳаракатлар кутилмоқда? Россия молия вазирлиги баёнотига кўра мамлакат Миллий фаровонлик фонди (МФФ) 6 йилдан 10 йилгача нефть нархининг 25−30 АҚШ доллари атрофида бўлиши вазиятидаги бюджет йўқотишларини қоплай олади. Молиявий барқарорликни сақлаш мақсадида, молия вазирлиги МФФдан хорижий валютани бозорга чиқаришга қарор қилган, бу ўз навбатида, рублнинг барқарорлашишига олиб келиши кутилмоқда. Шу билан бир қаторда, Россия Банки 30 кун давомида ички бозорда хорижий валюталарни сотиб олишни тўхтатади. Strategic Energy & Economic Research президенти Майкл Линчнинг РИА Новостига маълум қилишича, ОПЕК+ давлатлари тез орада келишувга эришишади ва Brent нефтининг нархи яқин келажакда 50 АҚШ долларига яқинлашади. Франция молия вазири Ле Мэр Саудия Арабистони ўз ҳаракатларини бошқа нефть ишлаб чиқарувчи давлатлар билан мувофиқлаштириши кераклигини айтиб ўтган. Қозоғистон ҳукумати эса нефть бозорининг қулаши юзасидан баёнот билан чиқиб, мамлакат Миллий банки ва ҳукумати ушбу вазиятнинг зарарли оқибатларини пасайтириш учун барча ресурсларга эга эканлигини билдирган. Ўзбекистон ҳукумати ушбу вазият юзасидан Марказий банк, молия вазирлиги ва иқтисодиёт ва саноат вазирлиги вакилларидан ишчи гуруҳ тузиб, мамлакат бозорига салбий оқибатлар оодини олиш учун чоралар кўрилишини маълум қилди.

Место для вашей рекламы