Намангандаги хитойлик ишчилар тиббий назоратга олинди

Наманган вилояти Уйчи туманининг Ахси шаҳарчасида истиқомат қилувчи аҳоли Ўзбекистонга айланма йўллар билан кириб келган хитойлик ишчиларнинг коронавирусга қарши карантинга олинмаганидан норози, деб хабар бермоқда Mening Yurtim телеканали мухбири. «Ҳудудда терини қайта ишлаш корхонаси бор. У ерда Хитойдан келган ишчилар бир неча йиллардан бери меҳнат фаолиятини давом эттириб келмоқда. Хитойлик ходимлар таътил учун ўз давлатига қайтиб кетишганди, қарийб бир ойдан ортиқ муддатда иш жойига қайтишади. Аҳолини ташвишга солган ҳолат эса ишчиларнинг махсус назоратга олинмаганидир», — дейилади хабарда. Маҳаллий аҳоли вакиллари мухбирга хитойлик ишчиларнинг 24 февралда Ўзбекистонга кириб келгани, шундай буён карантинга олинмаганидан норозилигини билдирган. ЎзЛиДеп Наманган вилояти кенгаши тарқатган маълумотга кўра, халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши аъзоси Турғунова, туман ҳокими Апақов ва мутасадди идоралар вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ зудлик билан тузилиб, Юксалиш МФЙ ўрганиш ишларини олиб борган. "Газета.uz"да реклама Маълум бўлишича, Хитойдан Дубай орқали Тошкентга парвоз қилган хитойликлар керакли текширувлардан ўтиб, уларга нисбатан тиббий хавфсизлик чоралари кўрилган. Фото: ЎзЛиДеп Наманган вилояти кенгаши. Партия ахборотида келтирилишича, «йиғилишда сўзга чиққанлар тушунмовчилик, шошма-шошарлик билан кўпчилик хавотирга солингани, турли шов-шув ва миш-мишлар тарқаб кетганидан хижолатда» эканликларини билдирган. Тумандаги ишчи гуруҳ ҳудуддаги очиқ сув ҳавзалари, аҳоли хонадонларида фойдаланилаётган маҳаллий қувурли қудуқ сувларидан санитария-гигиеник ва санитария-бактериологик жиҳатдан текшириш учун сув намуналари ҳам олиниб, текширилган. Таъкидланишича, «Эксам энержи», «Нафис чарм» МЧЖларида фаолият кўрсатаётган, ХХРдан ҳудудга келган фуқаролар вилоят ва туман СЭОМ мутахассислари, ҳудудий ҚВП ходимлари томонидан тиббий кузатувдан ўтказилиб, зарурий лаборатория намуналари олинган. Улар келган кунидан бошлаб 14 кунлик тиббий назорат ташкил этилгани, саломатлиги яхши эканлиги, ҳеч қандай шикояти йўқлиги маълум бўлди. 3 март кунги ҳолатга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекцияси Ўзбекистонга кириб келганлиги ҳақида тарқалган хабарлар асоссиз эканлиги ҳақида хабар берди. Ҳукумат инфекция кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашган давлатлар билан авиаташувларни бекор қилмоқда.

Место для вашей рекламы