Наманган шаҳрига кириш ва чиқиш тўхтатилади

Коронавирусга қарши кураш доирасида Наманган вилояти ҳокимининг фармойиши билан 26 март куни соат 00:01 дан бошлаб, Наманган шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Наманган шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан вилоят туманларига чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) тўхтатилади. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди. Наманган шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар қуйидаги ҳолларда татбиқ этилмайди:юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга;Наманган шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга Наманган шаҳрига кириш учун;вилоят туманларидан Наманган шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари;вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган маъсул ходимлар. Хабарда айтилишича, Наманган шаҳрига кириш ва чиқиш жойларига вақтинчалик постларнинг фаолияти ташкил қилинади. Шаҳар ҳудудига кириш ва чиқиш жойлари мутахассислар билан таъминланади ҳамда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади. "Газета.uz"да реклама Шаҳар ҳудудига кириб келаётган ва чиқаётган ҳар қандай юк ташиш машиналари, ходимлар бошқарувидаги автомашиналари мажбурий дезинфекция қилинади. Шаҳарда табиий газ, ичимлик суви, электр энергияси, телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли, икки ой давомида ўчирилмайди. Наманган шаҳридаги «Чорсу» ва «Яшил» деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат дўконларига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини, шунингдек, дорихоналарга дори-дармонлар ва антисептик воситаларни олиб кирилишида алоҳида махсус рухсатнома асосида, юк ташиш машинаси ва маҳсулотларни дезинфекция қилган ҳолда кириши таъминланади.

Место для вашей рекламы