Нафосат Оллашукурова Ўзбекистонни тарк этди

Ўтган йил охирида Хоразм вилоят руҳий касалликлар шифохонасида уч ой давомида мажбурий даволанган блогер Нафосат Оллашукурова Ўзбекистонни тарк этганини маълум қилди . «Ҳурматли ватандошлар, мен ўз юртимни тарк этиб кетишга мажбур бўлдим. Буни журъатсизлик ёки қочиб кетиш деб баҳоламасликларингизни, аксинча, тарк этиб кетиш деб билишларингизни хоҳлардим», — деб ёзди у Facebook- саҳифасида. Нафосат Оллашукурованинг таъкидлашича, ўтган йил давомида у бир неча бор тазйиқларга учраган ҳамда шоир ва журналист Маҳмуд Ражаповнинг Хоразмдан Тошкентга пиёда юриш кампаниясини ёритгандан сўнг руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилгани унинг ўзгаришларга бўлган ишончи йўқолган. "Газета.uz"да реклама Рухий касалликлар шифохонасидан озод этилиб, Тошкентга қайтгач, у йўқлигида уч марта руҳий беморлар рўйхатига киритиш учун уйига шифокорлар келган. Нафосат Оллашукурованинг фикрича, уни яна руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштиришмоқчи бўлишган. Блогер ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош психиатри Левон Амбарцумов унинг руҳий ҳолати вақтинчалик экани ва сурункали касаллик эмаслигини айтган бўлса ҳам нима сабабдан уни руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатга ўтказишмоқчи эканини сўради. «Мен Ўзбекистонда блогерлар эркин фаолият кўрсата олмайди, деган қарорга келдим ва бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлдим», — деб ёзди у. Нафосат Оллашукурова АҚШ элчихонаси, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Эзгулик» жамияти, хусусан Абдурахмон Ташанов, адвокат Умидбек Давлатовга мамлакатни тарк этишга ёрдам бергани учун миннатдорчилик билдирди. «Газета.uz»га яқинда берган интервьюсида Нафосат Оллашукурова ўзини хавфсиз ҳис қилмаслигини, аммо у инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини давом эттириш ниятида эканлигини айтган эди.

Место для вашей рекламы