Москва аэропортларида ўзбекистонликлар йўқ — элчихона

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Россия ОАВларидаги 31 март куни «Домодедова» халқаро аэропортидан чартер рейслар билан уйларига қайтиш истагидаги 300 нафарга яқин марказий осиёлик меҳнат мигрантлари чиқариб юборилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берди. «Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси „Домодедово“ ва „Жуковский“ аэропортларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг тўпланиши ҳолатларини рад этди», — дейилади «Дунё» ахборот агентлиги тарқатган баёнотда. Дипломатик ваколатхонага кўра, «Внуково» ва «Шереметьево» аэропортларида бўлган ватандошларнинг аксарияти чартер рейсларида Ўзбекистонга олиб кетилган. Айни пайтда эса икки давлат ўртасидаги чартер рейслар тўхтатилган. "Газета.uz"да реклама Москвада яшашга имкони бўлмаган 160 га яқин ўзбекистонликлар навбатдаги чартер рейслари ташкил этилгунга қадар хостел (ётоқхона)га жойлаштирилган. Фуқароларга яшаш учун барча шароит яратилган. Хусусан, кунига уч маҳал иссиқ овқат ташкил этилган, улар билан доимий алоқа ўрнатилган, дейилади хабарда. Москвадаги элчихонанинг «Газета.uz»га хабар қилишича, ҳозирда Россия пойтахти аэропортларида Ўзбекистон фуқаролари йўқ. Фуқароларни хостелларга жойлаштириш билан боғлиқ барча масалалар ҳал қилинган. Чартер рейсларини кутаётган фуқароларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Uzbeistan Airways авиакомпанияси ҳам қўллаб-қувватлаган. «Домодедово»дан мигрантлар чиқариб юборилгани ҳақида 31 март куни тунда журналист Галия Ибрагимова ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилган эди. Кейинроқ РИА Новости вазият ҳақида репортаж тайёрлади. Унда «Домодедово»дан чиқариб юборилган мигрантлар, аниқлаштирилган маълумотларга кўра, — Тожикистон фуқароларидир. Аэропорт ходимининг қайд этишича, эрталаб уларни маҳаллий тожик диаспораси автобусда олиб кетган.

Место для вашей рекламы