Мисрдан келган фуқаролар Навоийда карантинга жойлаштирилди

Мисрнинг Almasria Universal Airlines авиакомпанияси 18 март куни чартер рейс билан Шарм-аль-Шайхдан Навоийга 181 нафар Ўзбекистон фуқаросини олиб келди, дея хабар қилди Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ва аэропорт маъмурияти «Газета.uz»га. Коронавирус тарқалгани сабабли Миср аэропорти 19 мартдан 31 мартга қадар ёпилди. Самолёт Навоий аэропортига қўнганидан сўнг йўловчилар у ердан Навоий кон-металлургия комбинатининг (НКМК) Кармана туманида жойлашган санаториясига олиб борилди. 98 эркак, 83 аёл ва 39 бола 60 нафар шифокорлар назорати остида. Ҳозирги вақтга қадар уларнинг орасидан ҳеч ким тана ҳарорати ошгани ёки бошқа шикоятлар билан мурожаат қилмади. Карантиндагилар таом ва зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминланган, дейилади ҳокимлик хабарида. 17 март ҳолатида Мисрда COVID-19 юқтирганлар сони 196 кишига етди, уларнинг 26 нафари тўлиқ соғайиб кетди, 6 киши ҳаётдан кўз юмди.

Место для вашей рекламы