Миришкор ҳокимининг сўконғичлиги тан олинди

Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов уятли сўзлар билан қўл остидаги ҳамда йиғилишда иштирок этган шахсларни ҳақорат қилгани Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди. Хабарда айтилишича, аудиода турли хил уятли сўзлар билан йиғилганларни «сийлаган» туман ҳокими эканлиги аниқ, ва вилоят раҳбарияти буни инкор этиш фикридан йироқ. «Бу борада ички тартибда чора кўриш билан чекланиш ҳам мумкин эди. Аммо, қонуний равишда чора кўрилиши, „Нега оддий халқ хато қилса, жазо ёки жарима, ҳоким хато қилса, кечирим-ми?“ каби табақалаштирувчи гап-сўзлар келиб чиқмаслиги тарафдоримиз», — дейилади ахборот хизмати муносабатида. «Газета.uz» манбасининг хабар беришича, ушбу аудиодаги йиғилиш 28 февраль куни туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган. Ҳоким, асосан, топшириқларни бажармаган маҳалла раҳбарларини «ҳароми», «кучуквача» ва бошқа уятли сўзлар билан ҳақоратлагани аудиода садо беради. "Газета.uz"да реклама Бош прокуратура ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур аудио юзасидан туман прокуратураси суриштирув олиб бормоқда, ишни вилоят прокуратураси ўз назоратига олган. Бахтиёр Ражабов Миришкор туманида иш бошлаганига қарийб тўрт ой бўлганди. Бунга қадар у вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. Ражабовдан аввал туманга раҳбарлик қилган Равшан Комилов неваралари билан бегона даладан думбул терган кишини ҳақоратлаганди. Собиқ ҳоким кишини ўғирликда айблаётгани акс этган видеоёзув кейинчалик тарқалган.

Место для вашей рекламы