ЎМИ: Умра визасини ҳар кимга бермаслик илтимоси билдирилган

Ўзбекистон Саудия Арабистони томонидан туризм визаси тақдим этиладиган давлатлар рўйхатида мавжуд эмас, ўзбекистонликларга турли бошқа визалар қатори Умра визаси тақдим этилади. Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комиловнинг «Газета.uz» мухбирига маълум қилишича, ўзбекистонликларга туризм визаси берилмаслигига фуқаролар устидан тушган шикоятлар сабаб қилинади. Унинг айтишича, Ўзбекистон фуқароларига Саудия Арабистони туризм визаси берилмаслигининг сабаби — турли хусусий йўллар орқали Арабистонга келиб, улар содир этган ҳуқуқбузарлик фактлари Саудия томонидан эътироз ила кўрсатилган. «Ўзбекистон фуқаросини ҳимоя қилиш давлат зиммасида, шунга мувофиқ Саудия Арабистонидаги консуллик ходимлари суд маҳкамаларига тушиб қолган, турли ишларга қўл урган фуқароларни қаерлардан олиб чиқишмаган. Улар (Саудия Арабистони расмийлари — таҳр.) бизга қўшимча салбий фактларни тақдим этиб, „ҳозирча туризм визасини сизларга бера олмаймиз“, деган», — қайд этди қўмита раисининг биринчи ўринбосари. Музаффар Комилов. Фото: АОКА. "Газета.uz"да реклама Музаффар Комиловнинг «Газета.uz» мухбирига билдиришича, Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонасидан Ўзбекистон фуқароларига Умра визасини мустақил тақдим этмаслик ёхуд хусусий ширкатлар орқали мурожаат қилган шахсларнинг сўровини қаноатлантирмасликни сўралмаган. Аммо Ўзбекистон Мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад Акмалхон Шокиров Саудия томонига муайян мазмундаги илтимоснома киритилганини тасдиқлади. «Тасаввур қилинг, ота-онангиз Умрага бориш учун навбатда уч йилдан бери турибди. Бошқа тарафдан бир одам келиб, Умрага бориш истагида элчихонага мурожаат қилмоқда. Адолат мезони бузилмоқда. Ҳалиги одамни тўхтатиб, нега навбатсиз кетяпсан, деган бўлардингиз. Ана шу адолат мезони бузилмаслиги мақсадида Саудия Арабистонинг Ўзбекистондаги элчихонасидан илтимос қилинганки, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тақдим этган рўйхатдан ташқари бошқа фуқароларга, иложи бўлса, Умра визаси берилмасин», — деди у. Моҳиятан Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов таъкидлаган масалада туризм визаси назарда тутилган бўлса, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили Умра визаси ҳақида гапирди. Дин ишлари бўйича қўмита 3 февралдан бошлаб, Умра зиёрати нархини 13 миллион 20 минг сўм этиб белгилаган. Нархнинг қарийб 1,5 миллион сўмга ўсишига 1 январдан Саудияга борувчи барча мамлакат фуқароларига тиббий суғурта учун 189 саудия риёли (50 доллар) давлат божи жорий қилингани сабаб бўлгани кўрсатилган. Айни пайтда Ўзбекистонда Умра ишини ташкил этиш билан фақат давлат ташкилотлари шуғулланади.

Место для вашей рекламы