Метродаги «Жокер»: метрополитен ИИБнинг изоҳи

Тошкент метрополитени Ички ишлар бошқармаси ходимлари Жокер костюмидаги (DC Comics комикслар қаҳрамони) эркакнинг ҳужжатларини текширмаган ва унинг фаолиятига аралашмаган. Бу ҳақда «Газета.uz» га Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги транспорт хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари — Тошкент метрополитени Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Олег Биченов хабар берди. Душанба куни ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда бир неча нафар ИИБ ходимларининг яшил сочли ва қизил костюм кийган, масхарабоз гримидаги бир эркак билан суҳбатлашгани акс этган эди. Ходимлар метрода одамларга ёрдам кўрсатиш ва керак бўлганда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун қандай тадбирлар ўтказилишини аниқладилар, деди Олег Биченов. «Ушбу байрам кунларида шу жумладан метрода ҳам кўплаб турли хил тадбирлар ўтказилади. Қорбоболар, флешмоблар, турли тасвирга олиш ишлари ва бошқалар. Ушбу барча масалалар бўйича мурожаат қилиш тартиби мавжуд — тадбир ташкилотчилари метро раҳбариятига мурожаат қилишади… Бизнинг ходимларимиз ушбу ҳаракатлар пайтида хавфсизликни таъминлайдилар», — дея тушунтирди у. Асосий ролни Хоакин Феникс ижро этган Тодд Филлипснинг «Жокер» триллеридан олинган лавҳа. Фото: Warner Bros. "Газета.uz"да реклама Метрода ўтказилган тадбирлар пайтида одамларнинг тўпланиши ва йўловчилар оқимининг ортиши кузатилади, шунинг учун ходимлар «қандайдир тадбир, акция, тасвирга олиш ишлари ўтказилаётгани, зарурат туғилган тақдирда ёрдам кўрсатиш учун унинг ёнига боришди», — деди Олег Биченов. Унинг сўзларига кўра, ходимлар Интернет фойдаланувчилари тахмин қилганларидек, ҳужжатларни текширмаган ва эркакнинг ташқи кўриниши бўйича эътирозлар билдирмаган. «Ҳужжатларни текшириш ўтказилмади. Ходимлар унинг метронинг оддий йўловчиси эканлигини ва чиқиш қилишга кетаётганини аниқлаганларидан сўнг масала ҳал бўлди. Бунга қандайдир бир салбий изоҳ беришнинг ҳожати йўқ. Агар кимдадир бирон бир савол ва эътироз бўлса, биз буни муҳокама қилишга тайёрмиз», — деди метрополитен ИИБ бошлиғи. Фото: vsebudethorosho / Telegram. Тармоқларда метрополитен ИИБ ходимининг Жокер билан селфи тушаётгани акс этган фотосурат ҳам тарқалди.

Место для вашей рекламы