Mercy Corps халқаро ННТнинг Ўзбекистондаги филиали давлат рўйхатидан ўтказилди

9 март куни Адлия вазирлиги томонидан халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти «Mehribonlik Korpusi» (Mercy Corps)нинг (АҚШ) Ўзбекистондаги филиали давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди. Филиал уставига мувофиқ, унинг асосий мақсадларидан бири қишлоқ ва шаҳарлардаги оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида хусусий, давлат ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш ва янада мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим муассасаларининг ўқитиш, мутаносиб овқатланиш ва уларнинг инфраструктурасини яхшилаш учун ҳукумат билан ҳамкорликда таълим сифатини оширишдир. "Газета.uz"да реклама Филиал АҚШнинг қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан молиялаштириладиган «Ўзбекистонда таълим ва болалар овқатланиши учун озиқ-овқат маҳсулотлари» лойиҳасини 2020−2025 йилларда амалга оширишни режалаштираётганлигини билдирди. Мазкур лойиҳа Қорқалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларида мутаносиб овқатланиш ва уларнинг инфраструктурасини яхшилашга мўлжалланган. Филиалнинг фаолияти асосан қишлоқларда ва имконияти чекланган ҳудудлардаги 410 та мактабгача таълим муассасаларига йўналтирилган бўлиб, ушбу муассасаларда таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борилади, шунингдек, улар сув таъминоти ва санитария ҳолатини яхшилаш учун қўшимча имкониятларга эга бўлади. Лойиҳа ва уставда назарда тутилган фаолиятининг бошқа йўналишлари доирасида филиал мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълими ҳамда соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирмоқда.

Место для вашей рекламы