Мактабларда аниқ фанлар бўйича амалий машғулотлар кўлами оширилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 март куни халқ таълими тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати. Йиғилишда янги турдаги мактабларни барпо этиш, аввалгиларини босқичма-босқич замон талабларига мослаштириш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳозирги кунда 9 минг 942 та мактабнинг 2 минг 835 таси таъмирталаб. 5 минг 861 тасида ўқувчилар сони сиғимига нисбатан кўплиги сабабли дарслар 2 сменада ўтилмоқда. Жорий йилда 36 та янги мактаб қурилиб, 211 тасининг капитал таъмирланиши белгиланган. Қурилиш вазирлигига мактабларни замонавий архитектура ечимлари асосида, энергия тежовчи ва илғор технологияларни қўллаган ҳолда барпо этиш вазифаси қўйилди. "Газета.uz"да реклама Қайд этилишича, бугун мактаблардаги 683 та физика, 897 та кимё, 901 та биология хонасида ўқув лабораториялар йўқ. 7 минг 807 та физика, 7 минг 776 та кимё ва 7 минг 770 та биология хонасининг жиҳозлари эскирган. 62 мингта синф хонаси замонавий ва янги ўқув жиҳозлари билан таъминланмаган, 7 мингта компьютер етишмайди. Халқ таълими вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига амалдаги жиҳозлаш ҳолатини танқидий ўрганиб, мактабларни замонавий лаборатория, компьютер техникаси, спорт анжомлари ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозлаш бўйича топшириқ берилди. Аниқ фанларни ўқитишда амалий кўникмаларни шакллантириш ҳамда интерактив машғулотларга эътиборни кучайтириш кераклиги таъкидланди. Мамлакатда математика, кимё, физика ва биология дарсларининг 10 фоизигина амалий машғулотларга ажратилган. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 30−50 фоизни ташкил этади. Шу боис Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ўқув дастурларида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, аниқ фанларда амалий машғулотлар кўламини ошириш вазифаси қўйилди. Йиғилишда педагог кадрларнинг билим ва малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили аттестацияда иштирок этган қарийб 57 минг нафар ўқитувчидан 43 фоизи паст баҳо олгани, республика бўйича муаллимларнинг аттестация натижаларидаги ўртача кўрсаткичи 100 баллик баҳолаш тизимида 64 баллни ташкил қилгани айтиб ўтилди. Педагоглар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, методик таъминотни янгича ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Болаларни ёшлигидан маънан ва жисмонан етук шахс этиб тарбиялаш мақсадида мактабларни бадиий адабиётлар билан таъминлаш, айниқса, бошланғич синфларда мусиқа, тасвирий санъат ва жисмоний тарбия машғулотларига янги мазмун бериш муҳимлиги таъкидланди.

Место для вашей рекламы