Маҳмуд Муродовнинг UFC’даги учинчи жанги бекор қилинди

Аралаш жанг санъати (MMA) бўйича ўрта (-84 кг) вазн тоифасида октагонга чиқиб келаётган ўзбекистонлик Маҳмуд Муродовнинг (24−6, 15 КО) UFCдаги учинчи жанги бекор қилинди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри хабар берди . Олдинроқ, Маҳмуд Муродов ММАнинг энг нуфузли турнири бўлган UFC’даги учинчи жангида бразилиялик Антонио Карлос Жуниорга (10−4) қарши рингга чиқиши ҳақида хабар бериб ўтгандик. Жанг 14 март куни Бразилия пойтахти Бразилиа шаҳридаги «Ginásio Nilson Nelson» аренасида бўлиб ўтиши режалаштирилганди. Маълум бўлишича, бразилиялик спортчи машғулотлар вақтида жароҳат олганини билдирган ва жангга чиқа олмайдиган бўлган. Натижада ташкилотчилар мазкур жангни бекор қилишга қарор қилган. "Газета.uz"да реклама Аввалига Антонио Карлос Бред Таваресга (17−6, 5 КО) қарши рингга чиқиши лозим эди, аммо бу жанг бекор қилинганди. Энди Маҳмуд Муродовга қарши жанг ҳам бекор бўлди. Маълумотларга кўра, Маҳмуд Муродовнинг вакиллари UFC билан кейинги жанг бўйича музокара олиб боришмоқда. Тез орада Маҳмуднинг янги рақиби аниқ бўлиши кутилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Муродов UFC’даги дебют жангида италиялик Алессио ди Кирикони (12−4, 9 КО) очколар ҳисобига кўра, иккинчи жангида Тревор Смитни (15−10, 10 КО) учинчи раундда нокаут эвазига мағлубиятга учратган.

Место для вашей рекламы