Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди

Ўзбекистон президенти 18 февраль куни «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди . Фармонга мувофиқ, ҳар бир маҳаллада «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизим жорий этилади. Фармон билан Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди. "Газета.uz"да реклама Жамиятда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади. Фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда «Маҳалла» ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти ташкил этилади ва вазирлик тузилмасига ўтказилади. Маълумот учун, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раҳбар органларининг ушбу ташкилотларни тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги «Нуроний» жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) бўлимларини тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди. Бундан ташқари, фармонга кўра, 1 апрелдан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилади. Бунда, агентликка ФҲДЁ органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функциялар юкланади. Фармон билан Мамлакатда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган тизимни самарали жорий этиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маҳалла тизимини ривожлантириш ва жамиятда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилини жорий этишнинг 2020−2024 йилларга мўлжалланган концепцияси ишлаб чиқилади. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига Раҳмат Маматов номзодини маъқуллади.

Место для вашей рекламы