Қўлбола пиротехника воситаси портлаши оқибатида мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди

Саккизинчи синф ўқувчиси С. Ғ. қўлбола пиротехника воситаси портлаши оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди . Ҳодиса 1 январь куни тахминан 16:30 да Тошкент вилоятининг Чиноз туманида содир бўлган. 20 ёшли Х.Э., С.А. ва Б.М. 60 см узунликдаги темир труба ичига қўлбола усулда магма ва олтингугурт аралашмасини жойлаштириб, ёқишган. Натижада ушбу темир труба 8-синф мактаб ўқувчиси С.Ғ. га бориб теккан. Тан жароҳати олган С.Ғ. туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Бироқ С.Ғ.га кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, шифохонада вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Чиноз тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 2501-моддаси 3-қисми «в» банди (одам ўлишига сабаб бўлган пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Место для вашей рекламы