Кредит сиёсатида ўзгаришлар кутилмоқда

2019 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига ажратилган кредитлар умумий ҳажми ундан аввалги мос даврга нисбатан 54,7 фоизга ошди. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг номинал ўсиши эса 25 фоиз атрофида кузатилди, деб маълумот берди Марказий банк раиси ўринбосари Бехзод Ҳамроев. Халқаро пресс-клуб сессиясида нутқ сўзлаган Бехзод Ҳамроевнинг айтишича, ушбу кўрсаткич қайсидир маънода номувофиқлик келтириб чиқаради: иқтисодиётнинг ўсишидан кўра унга икки баробар кўп ҳажмда кредит ажратилган. «Жорий йилда олдимизда турган биринчи масала, иқтисодий кредитлар ўсиши миқдорини, иқтисодий ўсишга мувофиқ бўлиши, яъни 20−25 фоиз атрофида бўлишини таъминлашимиз керак. Битта нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман: бу — кредит кам бўлади, ё кейинги йил банклар кредит бермайди, деган тушунча эмас. Банклар кейинги йилларга бериладиган кредитларни аввалги кредитларнинг қайтиши ҳисобидан кўпроқ бериши мақсадга мувофиқ. Бунда муҳим эътиборли омил кредитларнинг самарадорлиги, яъни юқори қўшилган қиймат яратадиган тармоқларга ёки корхоналарга кўпроқ кредит берилишидир», — дея фикр билдирди Марказий банк раиси ўринбосари. Бундан ташқари, Бехзод Ҳамроев маҳаллий банклар олдида турган бошқа масалага ҳам эътибор қаратди. Унинг таъкидича, банклар рақамлаштириш борасида ортда қолмоқда. Президент Олий Мажлисга мурожаатномасида ҳам айнан банклар фаолиятидаги трансформациянинг секин кечаётгани таъкидланганди. Қолаверса, уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича етарли ишлар қилинмагани тан олинган. "Газета.uz"да реклама Ўзбекистон банкларида давлатнинг улуши қарийб 80 фоиздан ошади. Марказий банк раиси ўринбосари ҳолатни танқид қилиб, ушбу кўрсаткични босқичма-босқич пасайтириб бориш, пировардида банкларни салоҳиятли инвесторлар қўлига топширишни маълум қилди.

Место для вашей рекламы