Коронавирусдан ҳимояланиш учун нима қилиш керак?

Якшанба куни Ўзбекистонда илк бор Covid-19 коронавирус инфекцияси аниқланди . Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қайд этишича, касаллик аксарият ҳолатларда (қарийб 80 фоиз) енгил кечади ва соғломлашиш билан тугайди. Бироқ асоратлари кузатилиши мумкин. Ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини қандай ҳимоя қилишингиз мумкин? ЖССТ қуйидаги оддий қоидаларга риоя қилишни тавсия этмоқда . Қўлигизни мунтазам ювинг Қўлингизни мунтазам равишда совун билан ювинг ёки спирт сақловчи восита билан тозаланг (агар қўлларингиз жуда ифлос бўлмаса). Агар қўллар юзасида вирус бўлса, бу уни ўлдиради. Шунингдек, ўз гаджетларингиз ва компьютер техникаларингизни мунтазам равишда дезинфекция қилинг. "Газета.uz"да реклама Одамлар гавжум жойлардан қочишга ҳаракат қилинг Гавжум жойларга заруратсиз ташриф буюрманг. Иложи бўлса, узоқдан тўлов усулларини ва рўйхатдан ўтиш хизматларини танланг. Жамоат жойларида бошқалар билан ўртангизда масофа сақланг Одамлар билан ўртангизда камида 1 метр масофа сақланг, айниқса уларда йўтал, бурун оқиши ёки иситма бўлса. Респиратор инфекция билан касалланганлар йўталса ёки аксирса, атрофига вирусли майда томчилар тарқатади. Агарда бундай одамга жуда яқин бўлсангиз, нафас олиш вақтида вирусни юқтириб олишингиз мумкин. Имкон қадар қўлларингиз билан кўзингиз, бурнингиз ва оғзингизга тегинманг Бу нима учун керак? Қўллар вирус мавжуд бўлган кўп жойларга тегади. Инфекцияли қўллар кўзлар, бурун ёки оғизга тегса, вирус қўллар терисидан танага ўтиши мумкин. Нафас олиш гигиенасига риоя қилинг Йўталаётганда ва аксираётганда оғзингиз ва бурнингизни салфетка ёки енгингизнинг ички қисми билан ёпинг; салфеткани дарҳол қопқоқли ахлат қутисига ташланг ва қўлларингизни спиртли антисептик билан тозаланг ёки уларни совун ва сув билан ювинг. Агар сиз йўталаётганда ёки аксираётганда бурун ва оғизингизни қўлингиз билан ёпиб қўйсангиз, микроблар сизнинг қўлларингизга, сўнгра сиз тегаётган нарсаларга ёки одамларга ўтиши мумкин. Қўл бериб кўришиш ва қучоқлашишдан воз кечиш керакми? Ҳа. Респиратор касалликларни келтириб чиқарадиган вируслар қўл бериш кўришиш ҳамда кўз, бурун ва оғизга тегиниш орқали юқиши мумкин. Саломлашишда қўлингизни силкитинг, бошингизни қимирлатинг ёки эгилиб қўйинг. Ниқоб тақиш керакми? ЖССТ фақатгина сизда Covid‑19 аломатлари (айниқса йўтал) бўлса ёки касал кишига қараётган бўлсангиз тақишни тавсия қилмоқда. Бир марта ишлатиладиган ниқоблардан такроран фойдаланиб бўлмайди. Жамоат жойларида резина қўлқоп тақиш фойда берадими? Йўқ. Сиз резина қўлқоп тақмасдан, қўлингизни ювиб юрсангиз вирусдан кўпроқ ҳимояланган бўласиз. Коронавирус қўзғатувчиси қўлқопларни ифлослантирган бўлиши мумкин. У билан юзга тегинсангиз, ўзингизни хатарга ташлаган бўласиз. Иситма кўтарилса, йўтал пайдо бўлса ва нафас олиш қийинлашса, тезроқ тиббий ёрдамга мурожаат қилинг Ушбу аломатлар зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилишни тақозо этади, чунки респиратор инфекция ёки бошқа жиддий касалликлар келиб чиқиши мумкин. Нафас олиш органларининг зарарлангани тана ҳароратининг кўтарилиши билан кечса, бу турли сабаблар қаторида Covid-19 бўлиши ҳам мумкин. Агарда ўзингизни ёмон ҳис этаётган бўлсангиз, ҳаттоки касалликнинг енгил аломатлари, масалан, бош оғриғи ёки тумов, соғломлашгунга қадар уйда қолинг. Атрофдагилар билан алоқага киришишдан сақланинг, ўзингизни ва яқинларингизни Covid-19 ёки бошқа вирусли инфекциялардан ҳимоя қилинг. Коронавирус билан боғлиқ мурожаатлар учун 1003 рақамига қўнғироқ қилинг. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг 71−276−49−66 телефон рақамларига ҳам қўнғироқ қилиш мумкин. Яқинларингизга ғамхўрлик қилинг Яқинларингизнинг соғлиғини мунтазам суриштириб туринг. Уларни ёқимли фаолият билан шуғулланишга унданг. Кекса қариндошларга озиқ-овқат сотиб олишга ва тўловларни тўлашга ёрдам беринг. Фарзандларингизга хотиржам ва тўғри маслаҳат беринг. Агар сиз 60 ёш ва ундан катта бўлсангиз ҳамда сизда соматик касалликлар бўлса (масалан, артериал гипертензия, юрак, ўпка, саратон касаллиги ёки диабет), одам кўп тўпланадиган ва касал одамларни учратадиган жойлардан сақланинг. Антибиотиклар ёрдам берадими? Йўқ. Антибиотиклар вирусларга таъсир қилмайди, улар фақатгина бактериал инфекцияларга фаол таъсир кўрсатади. Covid‑19 вирус бўлиб, антибиотиклар унга нисбатан самарасиз. Covid‑19 профилактикаси ёки уни даволашда антибиотиклардан фойдаланиш тавсия қилинмайди. Улар фақатгина бактериал инфекциялардан даволанишда шифокор тавсиясига асосан қўлланилади. Қўшимча маълумотларни ЖССТ сайтидаги Covid‑19 коронавируси тўғрисидаги махсус бўлимдан олиш мумкин.

Место для вашей рекламы