Коронавирус сабабли Хитойнинг 25 та провинциясида энг юқори даражали фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Коронавирус тарқалгани сабабли Хитой ҳукумати 25 та провинция, марказга бўйсунадиган шаҳарлар ва махсус маъмурий ҳудудларда соғлиқни сақлаш соҳасида энг юқори даражали фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда Новости РАА хабар берди . Ушбу ҳудудларда 1,2 миллиарддан ортиқ одам истиқомат қилади. Ҳубэй провинцияси биринчи бўлиб энг юқори даражали фавқулодда ҳолат эълон қилди. Айнан ушбу провинцияда вирус ўчоғи — Ухань шаҳри жойлашган. Кейинчалик марказ бўйсинувидаги Пекин, Шанхай, Чунцин ва Тянбцзин шаҳарлари худди шундай чораларни эълон қилди. "Газета.uz"да реклама Бугунги кунда уларга Гуандун, Хэнань, Хунань, Чжэцзян, Аньхой, Цзянси, Сычуань, Шаньдун, Юньнань, Гуйчжоу, Фуцзянь, Цзянсу, Хайнань, Хэйлунцзян, Хэбэй, Ганьсу, Ляонин, Шаньси провинциялари ҳамда Шинжон ва Гуанси-Чжуан автоном туманлари қўшилди. Уханда коронавирус билан касалланган беморларни даволаш учун иккита янги шифохона қурилиши бошланди, деб ёзди «Интерфакс» The Global Times нашрига таяниб. Ухандаги коронавирусга чалинган беморлар учун алоҳида касалхона қурилиши. Сурат: Синхуа Улардан бири 1000 ўринга мўлжалланган бўлиб, 3 февралга қадар очилиши режалаштирилган. Ярим ой ичида қурилиши керак бўлган иккинчи касалхона эса 1300 беморга мўлжалланган. Новости РААнинг қайд этишича, шифохоналар 2003 йилда атипик пневмания эпидемияси вақтида кўп сонли беморларни қамраб олиш мақсадида етти кун ичида қуриб битказилган Пекиндаги «Сяотаншань» касалхонаси модели бўйича барпо этилмоқда. Уханда келиб чиқиши номаълум бўлган пневмония касаллиги тарқалаётгани ҳақида декабрда маълум бўлган эди. Касаллик тарқатувчиси янги — 2019- nCoV коронавирус туридир. Хитойдаги сўнгги маълумотларга кўра, 1287 киши вирусни юқтирган, 41 бемор вафот этган. Вирус Хитойдан ташқарида ҳам тарқалмоқда. Хусусан, Гонконг, Макао, Тайван, Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Вьетнам, Сингапур, Непал, Франция, Австралия ва Малайзияда касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилган. Илк касалланганлар денгиз маҳсулотлари бозорига алоқадор бўлган эди. Кейинчалик вируснинг одамдан одамга юқиши маълум бўлди. Аввалроқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги инфекция ҳаво томчилари ва маиший алоқа усуллари орқали юқишини маълум қилди. Инкубацион давр 4 кундан 15 кунгача, бу вақтда касаллик белгилари — юқори иситма, йўтал, нафас қисилиши каби аломатлари кўзга ташланмаслиги мумкин. Шунинг учун чегарани кесиб ўтиш пайтида касал одам қайд этилмаслиги мумкин.

Место для вашей рекламы