Контракт тўламаган талабаларга стипендия берилмаслиги ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ижтимоий тармоқларда контракт тўламаган талабаларга стипендия берилмаслиги ҳақидаги хабарлар бўйича расмий баёнот билан чиқди. Баёнотда қайд этилишича, карантин туфайли берилган таътил сабаб тўлов-шартнома шартларини бажаришга улгурмаган талабаларга (шу жумладан, 1-курснинг 2-ярми учун тўловларга) ректорлар томонидан қўшимча муддат берилади. «Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган „сўнгги муддат — 20 март“ талабаларга эмас, балки 2019/2020 ўқув йилида бакалавриат ва магистратуранинг биринчи курсига тўлов-шартнома асосида талабаликка тавсия этилган ҳамда табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентларга тааллуқли», — дейилади баёнотда. "Газета.uz"да реклама Маълумот учун, ОТМда ўқув машғулотларига қатнаган ҳамда тўлов-контрактни 1-семестр учун тўламаганлар ҳам — абитуриент мақомида ҳисобланади. Шунингдек, карантин даврида талабаларга белгиланган тартибда стипендия тўлаб берилади. Фақатгина тўлов турида ўзгариш бўлади ва нақд пул кўринишида олаётганларга стипендия пули талабанинг пластик картасига тушириб берилади. Олий таълим муассасаларида карантин даврида тўлов-шартнома шартларини бажаришга улгурмаганлар талабалар сафидан чиқарилмайди ва барча талабаларга таълим шакли ва ўзлари танлаган тўлов туридан келиб чиқиб, белгиланган тартибда стипендиялар тўлиқ тўлаб борилади, дея вазирлик баёнотида расман маълум қилинади. Республикадаги барча олий таълим муассасаларида талабаларга жорий йил март ойи учун стипендиялар тўлаб берилган. Шу билан бирга, тўлов-контракт пулини тўламаганлиги, академик қарздорлиги, тегишли буйруқ расмийлаштирилмаганлиги ёки банк пластик картаси берилмаганлиги учун стипендия тўлашда кечикишларга йўл қўйилган ҳолатлари аниқланганлиги ҳам баёнотда қайд этилган. Мазкур ҳолатлар вазирлик маълум қилишича, аксарият ҳолларда талабалар томонидан тўлов-шартнома шартларининг кеч бажарилгани стипендия тайинлаш ва банк пластик карталарини очишнинг кечикишига асосий сабаб бўлган. Бу ҳолатларни ижобий ҳал қилиш учун ҳозирда вазирлик томонидан республика миқёсида стипендия тўланмаган талабалар ҳақида маълумот умумлаштирилиб уларга нақд пул кўринишида тўланмай қолган стипендиялар талабанинг доимий яшаш жойига почта орқали юборилиши ёки туманлардаги банк филиаллари орқали рўйхат асосида тарқатилиши ҳамда банк пластик карталари орқали тўланиши, пластик карталар очилмаган талабаларга янги карталар очилиб, банк муассасасининг ҳудудий бўлими орқали етказилиши режалаштирилган.

Место для вашей рекламы