Комилов афғон масаласида катта интервью берди

29 февралда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида АҚШ ва «Толибон» ҳаракати ўртасида узоқ кутилган ва афғон халқи учун умуммиллий ярашув жараёнини бошлаши мумкин бўлган «тинчлик келишуви»нинг имзоланиши кутилмоқда. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ушбу масала юзасидан «Халқ сўзи» мухбирига интервью берган.— Ўзбекистоннинг афғон можаросини ҳал этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга шу қадар фаол киришишига нима сабаб бўлди, ваҳоланки, ушбу низо ечимини топишдан манфаатдор бўлган мамлакатларнинг ҳаммаси ҳам Тошкент конференцияси каби нуфузли тадбирни ташкил этишга қадар бундай изчил ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эмас эди? — Шуни унутмаслик лозимки, бизнинг Афғонистон билан умумий чегарамиз бор. Биз кўп асрлик муштарак тарихга эгамиз, халқларимиз тақдири бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «минг йиллар давомида Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари ягона маданий-тамаддун маконида ривож топганлар». Қандай қилиб биз Афғонистонда нормал ҳаёт тезда тикланишидан манфаатдор бўлмаслигимиз мумкин? Биласизми, замонавий дунё тарихида энг узоқ вақт давом этаётган ушбу можаро, ҳатто Афғонистонни ўз давлатчилигини амалда йўқотишига олиб келди. Бу шарт-шароитларда қандай қилиб ҳокимиятнинг барча тармоғи тўлақонли ишлай олади, қонунларга риоя қилинади, иқтисодиёт ишлайди? "Газета.uz"да реклама Тасаввур қилинг — биз ХХI асрда яшаяпмиз ва ўтган асрда бошланган уруш деярли 40 йилга яқин давом этмоқда. Икки миллионга яқин одамлар унинг қурбонига айланди ва Афғонистоннинг Қочоқлар ишлари бўйича вазирлиги маълумотига кўра, яна 6 миллион киши мамлакатни тарк этган. Албатта, бугунги кунда бизга нафақат қочоқларнинг ватанига қайтишини, балки уларнинг Афғонистонда тинч ҳаётни барпо этиш жараёнида фаол иштирокини таъминловчи умумий минтақавий стратегия лозим. Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош ҳудудларда ҳар йили ўнлаб қуролли тўқнашувлар содир этилади. Шундай вақтлар ҳам бўлдики, ҳатто ҳарбий ҳаракатлар бизнинг чегарамизга туташ ҳудудларгача етиб келди. Буларнинг барчаси бизни хавотирга солмаслиги мумкин эмас. Бундан ташқари, ИШИД жангарилари Яқин Шарқдан қувиб чиқарилиши натижасида Афғонистон ҳудудида трансмиллий террорчи ташкилотлар паноҳ топа бошлади. Бу нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликка ҳам жиддий таҳдид сола бошлади.Биз хавфсизлик бўлинмас экани ва уни фақат муштарак саъй-ҳаракатлар орқали таъминлаш мумкин, деган мавқедан келиб чиқамиз. Ўзбекистон раҳбари «Афғонистон хавфсизлиги — бу Ўзбекистоннинг хавфсизлиги», дея бир неча бор баёнот берганлар. Афғонистон бўйича сиёсатимизда биз нафақат ушбу мамлакатнинг келажаги, балки умумий хавфсизлигимиз, терроризм, ақидапарастлик ва зўравонликдан холи дунё учун курашмоқдамиз. Шу билан бирга, Афғонистонда тинчликни таъминлаш — бу фақатгина хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишдангина иборат эмас. Афғонистон масаласида биз defensive approach деб аталувчи ҳимоя ёндашувига асосланмаймиз. Биз минтақамизда вазият қанақа эканлигини яхши идрок этишимизга ишончимиз комил, шунинг учун «ўйинчи"ларнинг бири ғалаба қозонса, иккинчиси мағлуб бўладиган бирон-бир «нолга тенг ўйинларда» иштирок этишга интилмаймиз. Биз прагматикмиз ва яхши қўшни бўлишни хоҳлаймиз. Фақатгина 100 йил олдин ўрнатилган чегараларга қарамай, халқларимиз ўртасида 3 минг йиллик тарихга эга муносабатлар мавжуд. Амударё бўйлаб ўрнатилган чегаралар ҳеч қачон одамларнинг борди-келдиси, савдо-сотиқ қилиши ҳамда маданиятлар ва динимизнинг ўзаро уйғунлашувига тўсиқ бўла олмаган. Тинч Афғонистон Марказий Осиё учун энг қисқа йўл орқали денгиз коммуникацияларидан фойдаланиш, транспорт йўлакларимизни диверсификация қилиш ва шу билан маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш учун кенг бозорларни очиш имкониятларини таъминлашга қодир. Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликка қўшилиши учун ёрдам бериш жуда муҳим ва Тошкент буни чин дилдан хоҳлайди. Бундан ташқари, шу нарсани тушуниш лозимки, Афғонистон ҳудудидаги таҳдидлар қанчалик кам бўлса, миллий хавфсизликни таъминлашга сарф этиладиган харажатларимиз шунчалик қисқаради. Тежалган маблағларни биз ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, фуқароларимизнинг турмуш даражасини оширишга йўналтиришимиз мумкин.— Афғонистондаги можаронинг моҳиятини қандай тушунасиз? Умуман олганда, бу мамлакатда қандай жараёнлар юз бермоқда? — Сиз жуда муҳим саволни бердингиз. Инқирознинг моҳиятини тушунмасдан, уни ҳал қилишнинг самарали стратегиясини ишлаб чиқиш мумкин эмас. Афғонистондаги можаро 40 йил мобайнида жиддий ўзгаришларга учради. Бугунги кундаги вазият қуролли қарама-қаршиликнинг дастлабки босқичидан тубдан фарқ қилади. Бу рад қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Ҳозирги босқичда у ерда қандай жараёнлар содир бўлаётганини аниқлаш муҳим эди. Бу фуқаролар урушими ёки ҳукуматнинг террорчиларга қарши курашими? Бу халқаро низоми ёки глобал «ўйинчи"лар фаол иштирокидаги минтақавий можароми? Ёки ушбу муаммо Афғонистоннинг гиёҳванд моддалар, қурол-аслаҳа ва одамлар савдосининг тўсиқсиз, трансҳудудий «очиқ зонаси»га ва халқаро террорчилик ташкилотлари учун «қулай маконга» айлантирилганлиги билан изоҳланадими? Ҳозирги кунда ушбу саволларга оддий ва аниқ жавоб мавжуд эмас. Афғонистон можароси юқорида қайд этилганидек, барча жараённи ўзида мужассам этиб, ички, минтақавий ва халқаро муаммолар бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган чигал ва ечилиши қийин бўлган мураккаб қарама-қаршиликлардан иборат калавага айланди.— Тушунарли. Демак, сиз Афғонистонда қандай жараёнлар ўрин топганини англаб етгандан сўнг, дунё дипломатияси раҳбарлари ҳамда юқори даражали сиёсатчилар иштирокидаги Тошкент конференциясини ўтказишга қарор қилдингиз, шундайми? — Ҳа, худди шундай. Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги воқеалар туфайли Афғонистондаги вазият маълум вақт жаҳон сиёсати эътиборидан четда қолди. Бироқ бунинг натижасида можаро ўзининг кескинлиги ва жиддийлигини йўқотмади. Шунинг учун форум афғон можаросини ҳал қилиш йўлларини излаб топишда муҳим бурилиш бўлди. Буни афғонистонлик ҳамкасбларимиз ва чет эллик ҳамкорларимиз турли даражаларда эътироф этдилар. Тошкент анжумани Афғонистон муаммосини халқаро кун тартибининг марказига қайтариш имконини берди. Тошкент конференциясида белгиланган янги принципиал ҳолат Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларида минтақавий ва глобал ёндашувларнинг тобора муҳим аҳамият касб этишидан иборат бўлди.— Нимани назарда тутяпсиз? — Минтақадаги қўшни давлатлар ва дунёнинг етакчи мамлакатларининг саъй-ҳаракатларисиз ушбу низони ҳал этиб бўлмаслиги таъкидланди. Шунинг учун ҳам айнан Тошкент конференциясида халқаро ҳамжамиятнинг «Толибон» ҳаракати билан ҳеч қандай муқаддам шартларсиз тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишга тайёрлиги намоён этилди. Янада батафсилроқ айтсак, айнан шу ерда — Ўзбекистонда биз «Толибон»ни тинчлик музокаралари жараёнига жалб этиш учун туртки беришга муваффақ бўлдик. Сизга маълумки, бизнинг шерикларимиз ҳам кейинчалик ҳаракат вакиллари билан уларнинг мавқеларини яхшироқ тушуниш ва муросага эришиш мақсадида бир неча даврадан иборат музокараларни ўтказди. Бундан ташқари, халқаро ҳамжамият тинчлик жараёнини фақат Афғонистонга қўшни бўлган давлатларнинг фаол иштирокида амалга ошириш мумкинлигини англаб етди. Шу боис ҳам афғонлараро ярашувнинг асосий тамойиллари бўйича минтақавий консенсусни таъминлаш муҳим эди. Шунингдек, гўё турли ихтилофлари бўлган давлатлар — Покистон ва Ҳиндистон, Эрон ва Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари бир-бирлари билан ўзаро келишиб олишлари зарур эди. Бундан ташқари, Туркиянинг алоҳида мавқъеи ҳам мавжуд… Буларнинг барчасини афғон муаммосини муштарак идрок этиш асосида бирлаштириб олишга муваффақ бўлинди. Тошкент конференцияси ўтказилганидан сўнг Вашингтон, Москва ва Пекиннинг мавқелари сезиларли даражада бир-бирига яқинлашди. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «тинчликка интилишнинг асосий шарти — бу Афғонистон учун минтақавий ва халқаро миқёсда келишилган, яхлит ва кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдир». Анжуманда қабул қилинган Декларация мамлакатда миллий тотувликка эришиш, халқаро терроризм, наркотрафикка қарши кураш, шунингдек, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик учун ўзига хос «Йўл харитаси» бўлди. Ҳужжатда Афғонистоннинг барқарор ривожланиши, афғон халқининг турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда уларни минтақа ва дунё миқёсида амалга оширилаётган бунёдкорлик жараёнларига жалб этишнинг шарт-шароитлари белгиланди.— Маълумки, форумда қатнашган минтақадаги ҳамкасбларингиз билан яқиндан ҳамкорликсиз конференцияни ўтказиш мумкин эмас эди. Минтақа давлатлари бундай яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёрми? — Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ каби минтақавий ва халқаро майдонлардаги ўз нутқларида ҳамкорларимиз, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари билан афғон муаммосининг сиёсий ечимини топишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган эдилар. Ҳеч бир мамлакат афғон муаммосини мустақил равишда ҳал қила олмаслиги, шубҳасиз, аниқ ва равшан. Шунинг учун Ўзбекистон раҳбари Афғонистонда тинчлик ўрнатилишида қўшни давлатларнинг муҳим ўрни мавжудлигини қайта-қайта қайд этган. Қўшни давлатлар ва ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатлари бир-бирини алмаштирмаслиги, балки бир-бирини тўлдириши керак. Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари Афғонистон муаммосини ҳал қилишда фаол ёрдам кўрсатмоқда. Қозоғистоннинг раислиги ва ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик Кенгашида Афғонистон бўйича вазирлараро мунозара бўлиб ўтди. Айнан шу тадбир доирасида Тошкент конференциясини ўтказиш ташаббуси эълон қилинди ва минтақанинг барча мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланди. Ўз навбатида, Қирғизистон томонидан мазкур мамлакатда юз бераётган жараёнларни чуқур таҳлил қилиш мақсадида Бишкек шаҳрида Афғонистон бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Биз ҳаммамиз, Афғонистон минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб қилиниши зарурлигини тушунамиз. Ушбу фикр Ашхободда Афғонистон бўйича еттинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси, Тошкент конференцияси ва Душанбе шаҳрида Терроризм муаммоси ва уни молиялаштириш манбалари бўйича юқори даражада ўтказилган халқаро конференция иштирокчилари томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Афғон йўналиши бўйича фаол минтақавий ҳамкорликка яна бир мисол сифатида Самарқандда бўлиб ўтган «Ҳиндистон — Марказий Осиё» вазирлар мулоқотига биринчи марта Афғонистоннинг жалб этилганини келтириш мумкин.— Сизнингча, Афғонистон «совуқ уруш» даврида бўлганидек, дунёнинг ривожланган йирик давлатлари манфаатларининг тўқнашуви учун яна майдон бўлмай қолдими? — Ҳа, ҳақиқатан ҳам, афғон можароси аввалдан икки дунё тизимлари ўртасидаги геосиёсий қарама-қаршиликнинг самараси бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти «уруш олови» афғон халқига ташқаридан олиб кирилганини ва уруш бу халқнинг танлови эмаслигини" очиқдан-очиқ айтди. Ҳозирга қадар йирик куч марказлари ўз манфаатлари йўлида Афғонистонда тўқнаш келмоқдалар. Можарога янги иштирокчиларнинг доимий равишда жалб этилиши афғон низосининг мисли кўрилмаган даражада чуқурлашишига олиб келди. Афсуслар бўлсинки, ўн йиллар давомида афғон муаммосини ҳарбий куч орқали ҳал қилиш мумкинлиги тўғрисида турли хаёлпараст фикрлар мавжуд эди. Энг ачинарлиси шуки, ақл бовар қилмайдиган даражада инсоний қурбонлар ва улкан иқтисодий ҳамда сиёсий талафотлардан сўнг ушбу ёндашув боши берк кўчага киритиб қўйганлиги англаб етилди. Бугунги кунда эса дунёнинг йирик давлатлари, энг аввало, Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва мусулмон дунёси давлатлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни фақат қутлаш мумкин. Сўнгги ойларда Москва, Пекин ва Вашингтон уч томонлама учрашувлар доирасида муҳим натижаларга эришганлари ва ушбу форматга манфаатдор мамлакатлар ҳам қўшилганини мамнуният билан қайд этамиз. Мазкур саъй-ҳаракатлар афғон масаласини самарали равишда ҳал қилиш учун зарур ташқи шароитларни шакллантиради.— Сизнингча, Афғонистонда ким бардавом тинчликнинг кафили бўла олади? — Авваламбор, йирик давлатлар: АҚШ, Россия, Хитой, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва албатта, айнан шу даражада Афғонистоннинг бевосита минтақавий қўшнилари. Булар ташқи кучлардир. Аммо Афғонистонда тинчлик ҳақида келишувларнинг барқарорлиги, аввало, мамлакатдаги барча сиёсий кучларнинг — сиёсий партиялар, ҳаракатлар ва этник гуруҳларнинг ўзлари ушбу жараёнга жалб қилинишига боғлиқ бўлади. Умуммиллий келишув ва ярашувсиз сезиларли тараққиётга эришиш мумкин эмас. Давлатга қарашли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, фуқаролик жамияти тузилмасининг тўлиқ ишлаши, Афғонистон хотин-қизларининг ҳуқуқларини таъминлаш ва бошқалар,бир сўз билан айтганда, мустақил афғон давлатини қуриш ва фуқаролик жамияти асосларини яратиш йўлида сўнгги 18 йил ичида эришилган барча ижобий ютуқларнинг асраб қолиниши фавқулодда муҳимдир.— Агар Сиз айтаётган гаплар ҳақиқатга айланса, биз 40 йил ичида биринчи маротаба Афғонистонда узоқ кутилган тинчликни кўрамиз. Сиз ушбу мамлакатнинг келажагини қандай тасаввур қиласиз? — Сиз ўзингиз айтгандек, тинчликни кўриш учун, биринчидан, ушбу мақсад бутун афғон жамияти, барча этник гуруҳлар ва сиёсий ҳаракатларни бирлаштирувчи ягона, умумий ғояга айланиши керак. Иккинчидан, хавфсизлик ва иқтисодиёт соҳаларидаги вазифаларнинг самарали ечимини топа оладиган барқарор умуммиллий ҳукумат тузилиши керак. Афғонистон самарали минтақавий ҳамкорлик майдонига айланиши зарур. Айтиб ўтганимдек, бугунги кунда Афғонистон, афсуски, ҳали ҳам жаҳон ва минтақа давлатларининг қарама-қаршилик ҳамда рақобат майдони бўлиб қолмоқда. Биз Ўзбекистонда мазкур ёндашув ўзгариши керак, деб ҳисоблаймиз. Афғонистон барчамизга умумий тил топишни, миллий манфаатларимизни мослаштиришни, муроса қилишни ва ўзаро ҳамжиҳатликка эришишни ўрганиш учун қулай имконият бермоқда. Фақат шундагина умумий минтақамизнинг бардавом ривожланиши, хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш йўлида Афғонистоннинг барча қўшни мамлакатлар учун тенг ҳуқуқли шерик бўлишига эриша оламиз. Иқтисодиётни тикламасдан, аҳолининг мураккаб ижтимоий муаммоларини ҳал қилмай туриб, Афғонистонда тинчликка эришиб бўлмайди. Афғонистоннинг иқтисодий келажагига сармоя киритишни давом эттириш муҳимдир. Инсонпарварлик дастурлари ва лойиҳаларини молиялаштиришни қисқартиришга йўл қўймаслик керак. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Афғонистондаги Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш линияси ва шу каби бошқа кенг миқёсли инфратузилмавий ҳамда ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли лойиҳаларни амалга оширишни бошлаб юборди. Электр узатиш линияси Кобулни Марказий Осиёнинг ягона энергетик тизимига улайди. Бундан ташқари, Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш линияси CАСА-1000 лойиҳасининг таркибий қисми бўлиши ва электр энергиясини Покистон ҳамда Жанубий Осиё мамлакатларига етказиб бериш учун замин яратади. Ўзбекистон Афғонистонни минтақавий интеграцияга жалб қилишга имкон берувчи транспорт-логистика лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдордир. Мамлакатимиз, шунингдек, Афғонистон ҳукумати ва бошқа халқаро шериклар билан биргаликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи Мозори-Шариф — Ҳирот ва Мозори-Шариф — Пешовар темир йўл лойиҳаларини амалга оширишда қатнашишга тайёр. Мазори-Шарифни Покистон денгиз портлари билан боғловчи темир йўл лойиҳалари бугунги кунда Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланилаётган Евроосиё ўзаро боғлиқлик концепциясининг бир қисми бўлиши мумкин. Бундан ташқари, мазкур йўналишнинг очилиши Марказий Осиё давлатлари учун Покистоннинг Гвадар ҳамда Карачи портларига чиқиш ва кейинчалик Ҳиндистон ҳамда Бангладешга юклар транзитини фаоллаштириш учун кўмаклашади. Шу муносабат билан Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Афғонистондан Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойга биринчи контейнер поезди йўлга қўйилганига бағишланган тантанали тадбирда айтган сўзларини таъкидлаб ўтишни муҳим, деб ҳисоблайман. А. Ғани Ўзбекистоннинг транзит юк ташиш ва минтақада транспорт-коммуникация йўналишларини ривожлантириш борасидаги кўмагини юқори баҳолади ва афғон юкларининг Хитойга транзитида кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистон раҳбариятига самимий миннатдорлигини билдирди. «Дўстим Президент Шавкат Мирзиёевга Афғонистон халқи ва ҳукуматига мамлакатни қайта тиклаш ва ривожлантириш борасида кўрсатилаётган ёрдам учун самимий миннатдорлигимни билдираман». Фикримча, бу Афғонистоннинг иқтисодий инфратузилмасини қайта тиклашда Ўзбекистон кўрсатаётган амалий ёрдам учун афғон халқи томонидан берилган энг юқори баҳодир. Шуни таъкидлаш муҳимки, таълим олиш имкониятини яратмай туриб, мамлакатнинг тўлақонли тинч ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди. Маълумки, Афғонистондаги уруш давомида зўравонликдан бошқа ҳеч нимани кўрмаган бутун бир авлод вояга етгани ҳеч кимга сир эмас. Афғон ёшларига ўз тақдирларини ўзлари белгилаш имкониятини бериш орқали жамиятда таълим ва маърифатнинг нафрат ва экстремизм ғояларига қарши тура оладиган нуфузини шакллантириш лозим. Ўзбекистон бу борада фаол иш олиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Термиз шаҳрида афғон фуқароларини ўқитиш учун Таълим маркази барпо этилди. Ҳозирги кунда навбатдаги талабалар танлови кетмоқда. 2020 йилда марказда 200 га яқин кишилар имтиёзли асосда ўқитилади. Келгусида талабалар сонини 300 кишига етказиш, таълим йўналишларини кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш махсус халқаро жамғармасини тузиш таклифи билан чиқди. Жамғарманинг асосий мақсади — ёшларни Афғонистонда керакли мутахассисликка ўқитиш, қобилиятли талабалар ва ёш олимлар учун стипендия ҳамда грантлар ажратиш. Тошкент дўстлик рамзи сифатида Кобулга фаол равишда тўлақонли инсонпарварлик ёрдами кўрсатмоқда. Биз биродар афғон халқи олдида катта масъулиятимизни англаймиз ва бу борада ҳаракатларни давом эттирамиз.— Тинчлик битимидан сўнг, яъни тинчликка эришилган кейинги даврда Афғонистоннинг узоқ муддатли ривожланиши ҳақида сўз бораркан, Ўзбекистоннинг афғон сиёсати устувор йўналишлари қандай бўлади? — Ўзбекистон ўзининг афғон сиёсатида доимо самимий бўлиб келган. Бу давлатга нисбатан бизда бирон-бир сиёсий ёки яширин мақсадлар йўқ. Биз фақатгина битта, жуда оддий ва прагматик тамойилга амал қиламиз: «Қўшнинг тинч — сен тинч». Бунинг устига, Марказий Осиё — бу бизнинг умумий уйимиз, Афғонистон эса унинг ажралмас қисми эканлигига аминмиз, шунинг учун биз фақат бирга бўлган тақдирдагина жадал ривожланишимиз мумкин. Бу бизнинг асосий ва пировард мақсадимиз. Биз ҳеч қачон бошқа ниятни кўзламаганмиз, доимо бетараф мавқени эгаллаб келганмиз ва бу давлатнинг ички ишларига аралашмаганмиз. Натижасини кўриб турибсиз, Ўзбекистон Афғонистоннинг барча сиёсий кучлари, шу жумладан, «Толибон» ҳаракати орасида ўз обрў ва эътиборига эга. Уларнинг барчаси республикамизнинг бу мамлакатда тинчлик ўрнатишга қаратилган самимий саъй-ҳаракатларини тан олади ва қўллаб-қувватлайди.— Бугунги кунда толибларни бўлажак давлат бошқарувига жалб қилиш энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон биринчилар қаторида 1999 йилда «Толибон» ҳаракати билан алоқалар ўрнатиб, шу кунгача мулоқот сақланиб келмоқда. Кўпчилик ҳам бу ёндашувни қўллаб-қувватламаган эди… — Толиблар афғон жамиятининг бир қисми ва Афғонистон фуқаролари сифатида ўз давлатининг келажагини белгилашда иштирок этишлари лозим деган тамойилга асосланганмиз. Энг янги тарих нуқтаи назари билан қараганда, «Толибон» ҳаракати билан бугунги мулоқотни биз кўп томонлама тинчлик жараёнини қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш сифатида кўрамиз. Ўзбекистон ушбу жараённи 1990 йилларда «6+2» форматида қўллаб-қувватлашга анча уринган эди. Айни ўша пайтларда бизнинг вакилларимиз Қандаҳорда толиблар раҳбарлари билан учрашган. Бу борада эътиборингизни бир масалага қаратмоқчиман. Фикримизча, 2001 йилги Афғонистон бўйича Бонн конференциясининг асосий хатоси шундан иборат эдики, мамлакатда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларга толибонлар жалб қилинмаганлиги оқибатида уруш яна 18 йилдан буён давом этиб келмоқда. Аввалги йилларда бўлганидек, бугун ҳам умумий вазифа ўзгармасдан қолмоқда, яъни имкони бор масалаларда аста-секинлик ва сабр билан ўзаро консенсусга эришиш мақсадида ҳар ерда тўғридан-тўғри кенг қамровли афғонлараро инклюзив музокараларни йўлга қўйишдир. Шу маънода, толиблар билан мулоқот нафақат мақсадга мувофиқ, балки ўта зарур ҳамдир. Бироқ ҳар қандай тинчлик жараёнининг бошланиши «Толибон» ҳаракатининг ҳар қандай террорчилик фаолияти ва зўравонликдан воз кечиши, АҚШ билан имзоланган битим моҳиятида кўзда тутилганидек, ўт очишдан воз кечишга, албатта, риоя қилишни тақозо этади.— Афғонистон масаласида Ўзбекистоннинг яна қандай имкониятлари мавжуд? — Ўзбекистон чуқур дипломатик анъаналарни қамраб олган ноёб давлатчилик тажрибасига эга. Маълумки, дипломатия, шунингдек, музокаралар ва тичликпарварлик санъати Евроосиёнинг бизга тегишли қисмида, хусусан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида кўп асрлик тарихий мерос ва давомийликка эга. Айнан мана шу тарихан бой ўзбек дипломатиясининг тажрибаси Афғонистон муаммоси каби халқаро можароларни ҳал қилишга ёрдам беради. Афсуски, замонавий жаҳон тизими ўзида кўплаб хатар ва таҳдидларни сақлаб келмоқда. Биз глобал беқарорлик даражасининг ўсиб боришини кузатиб турибмиз, бу эса, ўз навбатида, хавфсизлик масалаларининг халқаро кун тартибида етакчи ўринга чиқишига сабаб бўлмоқда. Бироқ афғон низоси каби инқирозларда энг асосий масала — бу муаммодан кейинги ҳал этиш даври, халқаро миграция масалаларига ечим топиш ва бошқалар жуда муҳим аҳамият касб этади. Айнан шу ўринда Ўзбекистон дипломатияси тажрибаси халқаро ҳамжамият учун қўл келади.

Место для вашей рекламы