«Ижтимоий фикр»: респондентларнинг 75,4 фоизи коронавирус ҳақида етарлича хабардор

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўзбекистонликларнинг коронавирус инфекцияси ҳақида хабардорлигини ўрганиш мақсадида телефон сўровлари ўтказди. Марказ сўров якунларини «Газета.uz» билан ўртоқлашди. Икки босқичда ўтказилган тадқиқотда (I босқич — 26 февралдан 2 мартгача, II босқич -16−20 март кунлари) мамлакатнинг барча минтақаларида яшовчи, 18 ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катталар иштирок этди. Телефон сўрови давомида аниқландики, фуқароларнинг 75,4 фоизи коронавирус инфекцияси тўғрисида етарлича, тўла даражада хабардорлар, сўровнинг ҳар бешинчи иштирокчиси «нималарнидир эшитганини, лекин батафсил билмаслигини» билдирди. Телефон сўрови коронавируснинг юқиш йўллари ҳақида фуқароларнинг юқори хабардорлик даражасини аниқлаб берди, сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги (93,9 фоизи) инфекцияни касалланган бемор орқали юқтириш мумкинлигини, вирус ҳаво-томчи йўли билан юқишини, вирус бор жойга теккизилган қўл билан юз, кўз, оғиз ва бурунни ушлаганда юқишини яхши билишади. Мониторинг коронавируснинг юқиш йўлларидан хабардор фуқаролар сонининг 23,6%га ўсганлигини аниқлади. "Газета.uz"да реклама Телефон сўровида олинган дастлабки маълумотларга мувофиқ коронавирус ҳақида асосий ахборот манбаси телевидение эди ва шундай бўлиб қолмоқда, ҳар иккинчи респондент (53,6%) коронавирус инфекцияси билан боғлиқ маълумотларни кўрсатувлардан олаяпти. 29,7 фоиз респондент COVID-19 ҳақидаги маълумотларни интернетдан олмоқда. «Ўзбекистон ОАВларида коронавирус инфекцияси ҳақида етарлича маълумот берилаяптими?» деган саволга сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги — 92 фоизи — ижобий жавоб бердилар. Шуни таъкидлаш керакки, ушбу нуқтаи назарни қўллаб-қувватловчи фуқаролар сони сўровнинг иккинчи босқичини ўтказиш давомида 25,5 фоизга ўсди. Иштирокчиларнинг 68,1 фоизи давлатнинг коронавирус инфекциясидан огоҳлантириш, уни аниқлаш ва касалликнинг тарқалишига чек қўйишга йўналтирилган чора-тадбирларини ижобий баҳолайди. Минтақавий кесимда коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар юзасидан фуқароларнинг юқори баҳолари Қорақалпоғистон Республикасида (85,7%), Жиззах (81,3%), Навоий (81,3%) ва Сирдарё вилоятларида (76,9%) аниқланди, ушбу ҳудудларда уларнинг минтақаларида зарур барча чора-тадбирлар кўрилаяпти, деб ҳисобловчилар сони мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан юқоридир. Паст кўрсаткичлар Тошкент ва Андижон вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида аниқланди.

Место для вашей рекламы