«Қишлоқ қурилиш банк» раҳбари Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлди

Тошкент вилоятида ҳокимнинг биринчи ўринбосари ва икки ўринбосари тайинланди, дея хабар қилди вилоят маъмурияти матбуот хизмати . Ташкилий масала 19 февраль куни Президент администрацияси ва Ўзбекистон ҳукумати вакиллари иштирокидаги йиғилишда кўриб чиқилди. Вилоят ҳокимининг саноат, иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимига Муллаханов Баҳодир Муллахонович (1974 йилда туғилган) тайинланди. У Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (1992−1996) ва Оклахома давлат университети магистратурасини (1997−1998) тамомлаган. Турли йилларда Марказий банк тизимларида, шу жумладан Навоий ва Сурхондарё вилоятларида МБ бош бошқармалари бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган. «Асака» банк бошқаруви раиси ўринбосари бўлиб ишлаган. 2012 йилдан тайинловга қадар у «Қишлоқ қурилиш банк» бошқаруви раиси лавозимида фаолият кўрсатган. 2017 йил ноябридан буён ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимида Одилхон Рустамов фаолият кўрсатиб келаётган эди. У Тошкент тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. "Газета.uz"да реклама Шуҳрат Жўрабоевич Ҳакимов (1976) ҳокимнинг капитал қурилиш ва коммуникациялар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. У Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган (1993−1998). Турли йилларда собиқ Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тузилмасида ишлаган (1999−2011). 2011 йилдан Вазирлар Маҳкамасида ишлаган. Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар у Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларини, алоқа ва мудофаа саноатини комплекс ривожлантириш котибиятида бош мутахассис бўлиб ишлаган. У 2018 йил январь ойидан бери ҳоким ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Санжар Юсупов ўрнини эгаллади. Полковник Илҳомбой Тилавбаевич Худайберганов (1971) ҳоким ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи бўлди, 2019 йилдан буён у Тошкент вилоят ИИБ бошлиғининг учинчи ҳудудий зона бўйича вакили — марказ бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди. Аввал Бўка туман ИИБ бошлиғи (2018−2019) ва Тошкент вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари (2018) сифатида фаолият кўрсатган. Эслатиб ўтамиз, ҳоким ўринбосари — бошқарма бошлиғи лавозими Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этилиши муносабати билан таъсис этилди.

Место для вашей рекламы