Ишчи гуруҳ ўзбек-тожик чегара чизиғига ойдинлик киритмоқда

Тожикистон билан умумий чегараларни демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон ҳукумати ишчи гуруҳининг 27 январь куни Душанбега ташрифи режалаштирилган. Бу ҳақда Тожикистоннинг АП нашри хабар тарқатган. Маълум қилинишича, таркибига Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари, картограф, геодезист ҳамда давлат чегара назорати ходимлари киритилган ишчи гуруҳ аъзолари 30 январга қадар тожикистонлик ҳамкасблари билан давлат чегарасида чегара устунларини ўрнатиш масаласига ойдинлик киритишади. Ўзбекистон-Тожикистон чегараларининг алоҳида ҳудудлари тўғрисидаги шартнома президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 9−10 март кунлари Тожикистонга расмий ташрифи давомида икки давлат раҳбарлари томонидан имзоланганди. Шундан сўнг, ишчи гуруҳлар тузилиб, ўтган йили делимитация ишлари якунига етказилган. Жорий йил январь ойи бошида эса томонлар чегарани демаркация қилиш масаласига ойдинлик киритганди. Хабарда таъкидланишича, давлатларнинг умумий чегараси 1332 км ташкил этмоқда.

Место для вашей рекламы