«Интеграцион бирлашмаларга аъзо бўлиш мустақилликни йўқотишни англатмайди»

Интеграцион бирлашмаларга қўшилиш Ўзбекистон мустақиллигини йўқотишини англатмайди, деди президент Шавкат Мирзиёев Сенатнинг биринчи йиғилишида. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди. «Интеграция тўғрисида бир нарса айтмоқчиман, мана, сизлар ҳам депутатсизлар, эртага мурожаатномада мен ҳам айтмоқчиман. Биласизларми, ҳозирги катта катта ислоҳотларимизга тўсиқ бўлмаслиги учун интеграциянинг катта масаласи, бу кўпчилик фуқароларимиз чет элда ишламоқда. Чет эл деганимиз, бизнинг қўшниларимиз — Қозоғистон ва Қозоғистондан кейин Россия. Улар билан биз қандай ҳамкорлик қилишимиз керак? Биз уларга беписанд қарашимиз мумкинми шунча одамларимиз ишлаб юрганда? Нотўғри бу. Кимгадир ёқадими, ёқмайдими, бунинг ичига киришлари керак», — деди давлат раҳбари. «Сиёсий нуқтаи назаридан, бир нарсани билинглар — ҳеч ким мустақилликни ҳеч кимга бериб қўймайди. Сизларнинг қўлларингизда ва халқ ишонган президентнинг қўлида. Анойи эмасмиз, нимани берамиз? Авваламбор биз унга аъзо бўлиб кирмаяпмиз. Ҳозирги шароитда маъқулми, маъқул эмасми, бизнинг ишларимиз қандай?», — дея таъкидлади у. «Иккинчидан 2 млрд долларлик мева-сабзавотларимизни қайта ишлаш бўйича жуда катта жараённи бошлаб юбордик. Биласизлар, 30 йил ичида экспортга мўлжалланган бирорта ҳам маҳсулотимиз стандартга тўғри келмаган. Биз Европа билан GSP+ стандарти устида иш олиб бораяпмиз. Лекин бир нарсани билинглар — шунча тайёрлаган маҳсулотимизни қаерга олиб бориб сотамиз? Ким бизни кутиб турибди? Ким? Эртага шунча мева-сабзавотни музлаткичга қўйиб ўтирган одам менга айтмайдими: „Эй, каттакон, сен менга шунча кредит олдириб қўйдиргандинг, мана, омборхонада турибди. (Мижоз) топиб кел, пул бер менга“.Қаерга олиб боришимиз керак? Тўғри, Европага 3−4, 5 долларга қимматроқ бўлади, лекин унинг стандартини қилиш учун биз аввало ерни пестицидлардан тозалашимиз, ернинг шўрини ювишимиз керак. Ер заҳарланган, сувимиз заҳарланган. Йиллар давомида», — деди президент. "Газета.uz"да реклама «Кимдир хомхаёлга бориб мустақилликни бировга бериб қўядиган гаплар, улар — ҳавойи гаплар. Авваламбор халқ бор. Фалончи одамнинг гапи билан мустақиллик бировга бериб қўйилмайди. Сизлар билингларки, биз мана шу ислоҳотларимизга биров танбеҳ бермасин, ҳамма хайрихоҳ бўлиб турсин, биз оёққа туриб олайлик. Кузатувчи деган гап бор, у аъзо бўлиш дегани эмас. Томошабин деган гап. Қараб туради — қайси томони маъқул, қайси томони маъқул эмас», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Президент ўз нутқида Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳақида гапирмади, аммо унинг сўзларини ушбу иттифоққа кириш мумкинлиги ҳақидаги мунозараларга жавоб сифатида қабул қилиш мумкин.

Место для вашей рекламы