Қимматбаҳо автомобиллар эгалари курьер сифатида стикер олишга уринмоқда

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори Халилилло Тўрахўжаев премиум-класс автомобиллари учун транспортда ҳаракатланишга махсус рухсатнома олиш бўйича ариза бераётган тадбиркорларга мурожаат қилди . У бундай тадбиркорларни «виждони йўқ ва афсуски, тадбиркор шаънига катта доғ тушираётган «уддабурон, учар"лар деб атади. Унинг қайд этишича, карантин даврида озиқ-овқат савдоси ва умумий овқатланиш корхоналарининг етказиб бериш хизматлари учун (курьерлик ва «доставка») автотранспортларга махсус рухсатномалар берилиши белгиланган. Бугунги кунда бундай тоифадаги аризалар сони 30 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Бир қатор корхоналар томонидан эса «премиум-класс» автотранспорт воситаларига, шу жумладан, BMW X7, Mercedes, Leksus, Hyundai, Captiva, Malibu-2, Tracker ва шунга ўхшаш машиналар учун ҳам «курьерлик»ни амалга ошириш учун аризалар юборилмоқда. "Газета.uz"да реклама «Ушбу аризаларга илова қилинган ҳужжатларда мазкур тоифадаги автомашиналарни ҳайдовчилари курьер сифатида расмийлаштирилган иш берувчининг буйруғини тақдим қилмоқда», — деб ёзди Халилилло Тўрахўжаев. «Мамлакатимизда ҳукм сураётган ушбу оғир кунларда бундай ишларни амалга оширишга „уддабурон“ тадбиркорларимизнинг виждонлари қандай қилиб йўл қўймоқда экан?» — дея савол берди Халилилло Тўрахўжаев. У қимматбаҳо автомобиллар эгаларига эхтиёжманд оилаларга ёрдам беришни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, давлат хизматлари марказлари ходимлари ҳар бир ҳужжатнинг ҳаққонийлигига алоҳида баҳо беришда катта қийинчиликларга дуч келмоқда. «Айнан Сиздек «ҳурматли"лар туфайли, ҳақиқатдан ҳам озиқ-овқат, дори-дармон, дон маҳсулотларини етказиб берувчилар тегишли рухсатномасини ўз вақтида ололмаяпти!» — деб ёзди Халилулло Тўрахўжаев. ДХА раҳбари ҳужжатларни сохталаштирганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини эслатиб ўтиб, барчани инсонликни унутмаслик ва бошқаларни ҳам ўйлашга чақирди.

Место для вашей рекламы