Илиқ об-ҳаво дам олиш кунлари ҳам сақланиб қолади

7−8 февраль кунлари Ўзбекистон ҳудудига хорижий жанубий туманлардан жуда илиқ ҳаво оқими киришда давом этади, дея хабар қилди Ўзгидромет. Мамлакат ҳудудида аввалгидек ҳаво очиқ, ҳарорат 17−20 даража илиқ бўлади, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 10−12 даражага юқоридир. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги 15−20 м/с гача етиши кутилмоқда, 23−28 м/с гача кучайиши ҳам мумкин. Якшанба куни Ўрта ер денгизи минтақалари устида шаклланган циклон мамлакат ҳудудига кира бошлайди. Республика бўйлаб шамолли об-ҳаво сақланиб туради, осмон қуюқ булутли бўлади. Шимоли-ғарбий ва чўл ҳудудларида, шунингдек, марказий ва жанубий вилоятларда ҳамда Тошкентда кечга яқин бироз ёмғир ёғади, Фарғона вилоятида ҳаво ёғингарчиликсиз қолади. Ҳаво ҳарорати бироз пасаяди, аммо у ҳали ҳам одатдагидан сезиларли даражада юқори: кечаси 4−7 даража илиқ, кундузи эса 14−17 даража, баъзи жойларда 20 даражагача илиқ бўлади. Кундузги ҳарорат фақат Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида кескин пасаяди — +3… +8 даражагача.

Место для вашей рекламы