«Илҳом» театридан бинони бўшатиш сўралмоқда

Тошкентдаги Shodlik Palace меҳмонхонасини хусусийлаштириб олган Ofelos Plaza компанияси «Илҳом» театридан апрель охирига қадар бинони бўшатиб қўйишни сўради. Давлат томонидан 1976 йилда театр асосчиси марҳум Марк Вайлга ажратиб берилган маконнинг йўқотилиши, жамоа фикрича, театр учун ўлим ҳукмининг ўқилиши билан тенг. Ofelos Plaza хатида ёзилишича, жорий йилда Тошкентнинг Шайхонтоҳур туман ҳокимияти талаби билан бинони тўлиқ реконструкция қилиш ишлари бошланади. Бунга шаҳар марказида жойлашган ёқимсиз кўринишдаги бинонинг ташқи қиёфаси пойтахтнинг умумий манзарасини бузиб тургани сабаб қилиб келтирилган. Фото: «Илҳом» театри. Shodlik Palace меҳмонхонаси 1994 йилда хусусийлаштирилган. Ўша вақтдаги меҳмонхона эгаси театр билан автомат равишда 10 йилга узайтириш шарти билан 2023 йилгача ижара шартномаси имзолаган.Театр бинодан беғараз асосда фойдаланиб келаётган эди. 2017 йилда суд меҳмонхонани хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорни бекор қилди ва бино давлат назоратига қайтариб олинди. Бинонинг янги эгаси — Ofelos Plaza ҚК МЧЖ. Очиқ реестрга кўра, компания 2019 йил 3 декабрда устав фонди 1 миллиард сўм бўлган ҳолда рўйхатга олинган. Фаолият тури — турар жой бўлмаган биноларни ижарага бериш ва бошқариш. Компания раҳбари Алберт Арадовский, муассислари Нематулло Ҳайдаров (75%) ва Ольга Шарвина (25%). "Газета.uz"да реклама «Марк Вайлнинг „Илҳом“ театри, бу — тижорий театр эмас. Буни барча томошабинлар билишади ва тушунишади. У давлатдан маблағ олмаган ва олмайди ҳам. Янги бино сотиб олиш ва унда театрни қайта тиклаш учун театрнинг ҳеч қандай маблағ ва имкониятлари йўқ. Театрнинг йўқотилиши фақатгина „Илҳом“ саҳналари учун яратилган барча спектакл репертуарларининг йўқотилишини ҳам англатади. Жумладан Марк Вайлнинг афсонавий спектаклларининг», — дейилади театр жамоаси баёнотида. «Бугун „Илҳом“, бу — бутун дунёга машҳур бўлган замонавий санъат марказидир. У нафақат театрдаги инсонларга, балки мусиқачилар, рассомлар, фотосуратчилар, хореографлар, режиссёрларга ҳам ҳаёт бахш этмоқда, шаҳар маданий муҳитини барпо этиб, унинг аҳолисига хизмат қилмоқда. Театр санъати студиясига ноёб услубларни ўрганиш учун Европа ва АҚШдан талабалар келишади», — дейилади баёнотда. «Ҳа, бугун бино хусусий мулкдорларнинг қўлида. Бироқ у жамоатчилик томонидан барпо этилган, жамият пулига. Худди шу жамият 1976 йилда уни «Илҳом»га тақдим этди. Театр Ўзбекистон тарихида қийин кунларни бошдан кечирди. 2007 йилда Марк Вайл фожиали тарзда ҳалок бўлди. Бироқ биз доим келажакка умид ва ишонч кўзи билан боқдик», — дея таъкидлайди театр ходимлари. «[Бинони] навбатдаги мулкдорга берар экан, ҳеч ким ноёб театр тақдири ҳақида ўйлаб кўрмади. Бир неча йил муқаддам биз қуришни бошлаган янги мамлакатда театр учун жой йўқлигини тан олишдан қайғудамиз», — дейилади хабарда. «Биз шаҳарликлар ва ҳокимиятдан Тошкент ўзининг энг яхши театрларидан биридан шунчаки воз кечиб юборадиган даражада маънавий ва маданий жиҳатдан бойми, деб сўрашни хоҳлардик. Янги меҳмонхона ёки бизнес маркази бундай қурбонликка арзийдими? Биз йўқ деб ҳисоблаймиз. „Илҳом“ шаҳримиз учун керак. „Илҳом“ театри тақдирини ҳал этиш ва: Тошкентга у керакми, деган саволга жавоб бериш вақти келди», — дейди жамоа. «Илҳом» Ўзбекистон ҳукумати, томошабинлар, журналистлар, дипломатлар ва халқаро ҳамжамиятни театрни сақлаб қолишга чақирди. «Фақатгина сизнинг ёрдамингиз билан буни рўёбга чиқара оламиз», — дея таъкидланади баёнотда. 12 февраль куни 15:00 да «Илҳом» театрида бўлиб ўтадиган матбуот анжумага журналистлар, блогерлар ва бефарқ бўлмаган фуқаролар таклиф қилинади.

Место для вашей рекламы