ИИБ ходимлари қотилликни яшириш учун гувоҳларнинг оғзини ёпишга уринган — ОАВ

Чироқчи туманида ўғриликда гумонланган 32 ёшли фуқарони уриб ўлдирган ИИБ ходимлари ўз қилмишини яширишга ҳам уринган. Бу ҳақда марҳум Ю.А. билан бирга калтакланган ота-бола — Қурбон Остоноев ҳамда Баҳром Авлиёқулов Daryo нашрига маълум қилди . Аввалроқ 23 январь куни соат 01:50 да Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг Лангар қишлоғида содир этилган чорва молларини ўғирлашда гумон қилиниб, туман ички ишлар бўлимига олиб келинган Ю. А. вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Марҳумнинг қариндошлари у бозорда чорва молларини олиб-сотиш билан шуғулланганини айтишди. Унинг укаси Шухрат Абдураҳмонов прокуратура вакилларига маълумотларига таянган ҳолда қотилликда гумон қилиниб икки нафар ички ишлар органлари ходими ҳибсга олинганини маълум қилди. "Газета.uz"да реклама Қашқадарё вилоят прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан ички ишлар органлари ходимларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 206-моддаси («Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатди. Улар қамоққа олинди. Баҳром Авлиёқуловнинг Daryo нашрига маълум қилишича, прокуратура воқеани сўраб-суриштиришни бошлагач, ИИБ ходимларидан бири отаси билан боғланган. «ИИБ ходимларидан бири отамга „участкавойларингни қутқариб қолсаларинг, ургани йўқ, деб юборсаларинг, рози қилади“ деди», — дейди у. Айни пайтда туман шифохонасида даволанаётган ота-боланинг айтишича, туман ИИБ биносида вафот этган марҳум Ю.А. калтакланаётган пайт улар ҳам ўша ерда бўлган. Улар ҳам ИИБ ходимлари томонидан аёвсиз калтакланган. Қурбон Остоноевнинг айтишича, у 21 январь куни кечки пайт қишлоқ профилактика инспектори томонидан туман ИИБга олиб борилган. Унинг сўзларига кўра, ходимлар уни тилга олиб бўлмас сўзлар билан сўкиб ҳақоратлаган ва оёқ-қўли билан бир неча марта зарбалар берган. Ундан марҳум Ю. А.дан мол сотиб олган-олмаганини сўраган. Остонаев аввал 4 бош, кейин 2 бош қорамол сотиб олганини тасдиқлайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими эса тан жароҳатлари етказишда давом этади, дейди у. Маълум қилинишича, 21 январь куни кечки пайт соат 7−8 ларда туман ИИБга олиб борилган Қурбон Остоноев 22 январь куни ҳам сўроқ қилинган. «22 январь куни тонг пайти Анвар исмли ходим яна сўроқ қилишни бошлади: урди, тепди, — дейди Қурбон Остоноев.- Ҳатто пичоқ ҳам тирашди. Пичоқ сопи билан бошимга уравергач, пичоқ сопи синди. Аммо уларнинг қийноғи тугамади». Қурбон Остоноев. Фото: Daryo.uz. Қурбон Остоноев воқеани эслашича, уни марҳум Ю.А. билан юзлаштиришган. «Ю.А.ни кўрганимда аҳволи жуда ёмон эди, юзлари қорайиб, шишиб кетганди, — дея марҳумнинг аҳволи ҳақида эслайди Қ.Остоноев. — Афтидан, жуда кўпчилик бўлиб уришган». ИИБга борган Баҳром Авлиёқулов ҳам марҳумни кўрганида аҳволи ёмонлигини, юзлари қорайиб, таниб бўлмас даражага келганини маълум қилди. Унинг айтишича, 4−5 нафар ИИБ ходимлари бор уни уришаётган бўлган. «Ўғриликни бўйнимга олишимни сўрашди. Мен қилмаганман, деганимдан сўнг „Бўйнига олмас экан“, деб ётқизиб товонимга „дубинка“ билан уришди. Аввалига 2 киши калтаклади. Сўнгра 4−5 киши кириб уришди», — деди у. Баҳром Авлиёқуловнинг айтишича, у турган хонага калтакланаётган Ю.А.нинг бақирган овози эшитилган. «Ю.А.ни бизга нисбатан ҳам кўп уришди, шекилли, баланд овозда бақирарди, — дейди Баҳром Авлиёқулов. — Уни урган ходимлар мени ҳам уришарди. Унинг кўкарган юзини, ҳолсиз танасини кўрсатиб, „Сени ҳам шу аҳволга соламиз“, дейишди». ИИБ ходимлари томонидан қийноққа солинган ота-боланинг эслашича, уларни 23 январь куни тунги соат 1:30 да қўйиб юборишган. Улар ўз қишлоқларига 5:00 да етиб борган, бироқ улар ортидан учта Matiz автомобилида бориб, улардан бирида яна ортга — ИИБга олиб кетишган. «Билсак, Ю.А. ўлиб қолган, прокуратура эса воқеани суриштираётган экан. ИИБ ходимлари уларнинг айбини айтмаслигимизни сўрашди. Прокуратура сўроқ қилганда эса бизни уришганини тан олмади», — деди Қурбон Остоноев. Марҳум Ю.А.нинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиеванинг «Дарё» мухбирига айтишича, турмуш ўртоғи Лангар қишлоғида содир этилаётган ўғриликда қишлоқ профилактика инспекторининг қўли борлигини билиб қолган. «Қишлоқдошимиз Исроил Юсуповнинг моли йўқолгач, турмуш ўртоғимни ўғриликда айблашди, — дейди Гўзал Абдиева. — Аммо йўқолган мол Тарағай қишлоғидаги Бўриев Маҳмадалининг уйидан чиқди. Эрим шуни телефонига «сёмка» қилиб, «участкавой»га кўрсатган. Аммо «участкавой» ишни ёпди-ёпди қилган. Эрим уларнинг бир дастурхонда ўтирганини кўрган. Шунинг учун ҳам «участкавой»га «Сен ишни ёпди-ёпди қилдинг», деб кўп уришарди. Шу сабабли эримни ўлдиришди, энди менга ҳам бирор нима қилишларидан қўрқяпман».

Место для вашей рекламы