Ички ишлар вазирлиги «Жиҳодчилар» аъзолари ҳибсга олингани ҳақида хабар берди

7 январь куни Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбирлар натижасида мамлакатда фаолияти таъқиқланган «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқимининг (ДЭО) бир гуруҳ аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати. «Ушбу шахслар Ўзбекистон ҳудудида Сурияда паноҳ топган террористик уюшма аъзоларининг топшириқларини бажариб келишган ва аҳоли орасида қонунга хилоф равишда тарғибот олиб бориб, „Жиҳодчилар“ ДЭО ғояларини тарқатганлар ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлар. Шунингдек, улар юртимиздаги ёшлар орасида ўзларининг ақидапарастлик ғояларини сингдириб, Сурия ҳудудидаги халқаро террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилиб, жиноят содир этишга даъват қилганлар», — дейилади хабарда. Ушланган шахсларда экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланган ва процессуал тартибда олиб қўйилган. Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда. Хабарда қўлга олинганларнинг сони кўрсатилмаган ва бошқа тафсилотлар келтирилмаган. "Газета.uz"да реклама Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқими ташкилоти фаолияти Ўзбекистон ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган. «Бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраймиз», — дея фуқаролар, айниқса ёшларни огоҳлантирди Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси.

Место для вашей рекламы