Иқтисодий зоналар ҳақидаги қонун янгиланди

«Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги қонун 17 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. Мазкур ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди . Айни пайтда иқтисодий зоналарнинг фаолияти 1996 йилда қабул қилинган «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида"ги қонун билан тартибга солинмоқда. Уч ойдан сўнг янги қонун кучга киргач, эскиси ўз кучини йўқотади. Янги қонунда иқтисодий зоналарни фаолият турига кўра ажратиш назарда тутилган. "Газета.uz"да реклама Эркин иқтисодий зона — янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга фаол жалб этиш ташкил этиладиган ҳудуд. Махсус илмий-технологик зона — инновация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадларида илмий ташкилотлар ва илмий фаолият соҳасидаги бошқа ташкилотлар (технологик парклар, технологияларни тарқатиш (технологиялар трансфери) марказлари, инновацион кластерлар, венчур фондлари, бизнес-инкубаторлар ва бошқалар) тўпланган ҳудуд. Туристик-рекреацион зона — унда замонавий туристик инфратузилма объектларини (меҳмонхона комплекслари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туристик аҳамиятдаги объектларни), махсус фаолият кўрсатувчи ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини туристларга хизмат кўрсатиш мақсадида зарур шарт-шароитларни таъминлаган ҳолда барпо этишга доир инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ташкил этиладиган ҳудуд. Эркин савдо зоналари консигнация омборларини, махсус божхона ва солиқ режимлари бўлган ҳудудларни, шунингдек товарларга ишлов бериш, уларни ўраб-жойлаш, саралаш, сақлаш учун майдончаларни ўз ичига олади. Эркин савдо зоналари чегара пунктларида, аэропортларда, темир йўл боғланмаларида ёки Ўзбекистон Республикасининг бошқа божхона ҳудудларида ташкил этилади. Махсус саноат зонаси — бошқарув, хўжалик ва молиявий фаолиятнинг алоҳида режими жорий этиладиган ҳудуд. Махсус саноат зоналари зарур маъмурий, илмий-технологик, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани барпо этиш учун ер участкаларини ажратиш орқали шакллантириладиган хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш зоналарини ўз ичига олади. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳаларига доир умумий талаблар жумласига қуйидагилар киради: архитектура ва қурилиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда саноат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлик; молиялаштириш манбаларининг мавжудлиги; махсус иқтисодий зона фаолиятига ва тармоқ ихтисослашувига мувофиқлик; технологик ускуналар ва технологик жараёнлар кўрсаткичларининг замонавий энергия самарадорлиги талабларига мувофиқлиги. Инвестиция буюртманомаси топширилган пайтда эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳалари Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ёки Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариш ҳажмлари ички бозорнинг эҳтиёжларини қопламайдиган янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни назарда тутган бўлиши керак. Эркин иқтисодий зоналарда рақобат муҳити яратилган, ички бозор тўйинган ёки ишлаб чиқариш ҳажмлари ички бозор эҳтиёжларини қоплайдиган ўхшаш маҳсулот ишлаб чиқарадиган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар мавжуд бўлган маҳсулот турларини ишлаб чиқаришга доир инвестиция лойиҳалари амалга оширилишига йўл қўйилмайди. Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари солиқ бўйича имтиёзлардан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида назарда тутилган тартибда фойдаланади. Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари қуйидагиларни тўлашдан озод этилади: республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва инвестиция битимига мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун қурилиш даврида белгиланган тартибда олиб кирилган қурилиш материаллари учун божхона тўловларини (бундан қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно); тасдиқланган рўйхат бўйича технологик ускуналарнинг ўхшаши Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиганини олиб киришда божхона тўловларини (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно). Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда божхона тўловлари (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно) тўланмайди. Махсус иқтисодий зона иштирокчилари товарларни импорт қилганда қўшилган қиймат солиғини 120 кунгача муддатга кечиктириб тўлаши мумкин. «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги қонун уч ойдан сўнг кучга киради.

Место для вашей рекламы