Хусусий мактаблар учун ташқи қиёфа ва кийимга талаблар жорий этилиши мумкин

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини муҳокамалар учун эълон қилди. Ҳужжатда давлат мактабларида ягона мактаб формаси тўғрисидаги низомда келтирилган ўқувчилар кийими ва ташқи кўринишига бўлган талабларни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Жумладан, таълим олувчиларнинг кийимига турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига хос бўлган ҳарбий ва идоравий формали кийим-бош кийиб юришга йўл қўймаслик таклиф қилинмоқда. Илгари сурилаётган таклифга кўра:ўғил бола таълим олувчиларнинг ташкилотга танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2−3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўялган ҳолда келишларига;қиз бола таълим олувчиларнинг ташкилотга танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди. Шунингдек, таълим олувчилар томонидан формани кийишда қуйидаги талабларга риоя этилиши лозим:кийимларнинг ўта тор ёки ўта кенг бичимда бўлмаслиги;қизлар учун юбканинг узунлиги тиззадан 5 — 15 см пастда бўлиши;ўғил болалар учун шимнинг узунлиги оёқ тўпиғидан пастда бўлиши;оёқ кийимлар пошнасининг 3 сантиметрдан баланд бўлмаслиги;кўйлакнинг энг юқоридаги фақат битта тугмасидан ташқари бошқа тугмаларнинг қадалган бўлиши;кийимларнинг тоза ва дазмолланган бўлиши. Қарор лойиҳасида қайд этилишича, ота-оналар билан келишган ҳолда нодавлат умумтаълим ташкилоти педагогик кенгашининг қарори билан таълим олувчилар учун ягона форма намунаси тасдиқланади. Форма намунаси давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси намунаси билан айнан бир хил бўлиши ҳам мумкин. "Газета.uz"да реклама Агарда қарор қабул қилинса, ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасасига мактаб формасида келишлари 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб мажбурий ҳисобланса, хусусий мактаблар учун тавсиявий характерган эга бўлади. Ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 8 мартга қадар давом этади.

Место для вашей рекламы