Human агентлиги томонидан алданган фуқаролар Болгарияга ишга жўнатилди

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги кўмагида Human хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан азият чеккан 35 киши Болгарияга ишлаш учун юборилди, яна 5 киши бугун Болгарияга жўнаб кетмоқда. Бу ҳақда 23 январь куни меҳнат миграцияси ташкилоти вакиллари маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, 2019 йил сентябрь ойида 52 киши Human бандлик агентлиги билан шартномалар тузилгани билдирилган жамоавий шикоят билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишган эди. Аризачиларнинг ҳар бири агентлик хизматлари учун 18 миллиондан 35 миллион сўмгача, жами 1,67 миллиард сўм тўлаган, лекин ҳеч бири чет элга ишлаш учун кетолмаган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, Human агентлиги раҳбарлари устидан тергов жараёни тез орада якунига етади. Аввалроқ дастлабки тергов давомида Human директори Шохнур Файзуллаевга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисм «а» (фирибгарлик, жуда кўп миқдорда) банди бўйича айблов эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик. "Газета.uz"да реклама Ҳозирча алданган фуқаролар билан учрашувлар давом этмоқда, уларни чет элда ишга жойлаштириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия, Польша, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Болгария, Қозоғистон ва Қувайтдаги 60 иш берувчи ва бандлик агентликлари билан шартномалар тузган. 2019 йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хориждаги ваколатхоналари меҳнат муҳожирларига қарийб 21 минг маслаҳат беришди, 830 марта ҳуқуқий ёрдам кўрсатди ва чет эллик иш берувчилар томонидан 578 минг доллардан ортиқ тўловларнинг амалга оширилишида ёрдам берди. Йиғилишда таъкидланганидек, ҳар йили 600 мингдан ортиқ ёшлар Ўзбекистон меҳнат бозорига кириб келмоқда, аммо «ташқи меҳнат миграциясининг сезиларли оқими» сақланиб қолмоқда.

Место для вашей рекламы