Хитойнинг коронавирус тарқалган ҳудудида 72 нафар ўзбекистонлик талаба бор — Сенат

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддиларига таяниб айни кунларда Хитойда бўлиб турган ўзбекистонлик ёшлар аҳволи ҳақида маълумотларни эълон қилди. Парламент юқори палатасининг хабар қилишича, ҳозирда Хитойнинг коронавирус тарқалган мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган ҳудудида 72 нафар ўзбекистонлик талаба мавжуд бўлиб, улар билан мамлакатнинг Хитойдаги элчихонаси, Бош консулхонаси хизмати ходимлари ҳамда университет маъмурлари томонидан доимий мулоқот олиб борилмоқда. Ўзбекистонлик талабаларнинг соғлиғи билан боғлиқ ҳеч қандай шикоятлар мавжуд эмас. Вазият тўлиқ назоратга олинган, дейилади хабарда. "Газета.uz"да реклама Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирус қурбонлари сони 170 кишига, касалликни юқтирганлар сони эса 7,711 кишига етди. Кун давомида 1737 касалликка янги чалиниш ҳолати қайд этилган бўлса, 38 та ўлим ҳолатини рўйхатга олинган (Хубэй провинциясида 37 та, Сичуан шаҳрида битта). Ушбу даврда касалхоналардан 124 киши соғайиб чиққан. Хитойдан ташқарида Гонконг, Макао ва Тайван; шунингдек, Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Канада, Вьетнам, Сингапур, Непал, Франция, Австралия, Малайзия, Германия, Финляндияда ҳам касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилган. Айни пайтда кўплаб мамлакатлар коронавирус илк бор тарқалган ва ҳозирда карантин остида бўлган Ухань шаҳридан ўз фуқароларини эвакуация қилмоқда. Хусусан, 29 январь куни АҚШ 200, Япония 206 нафар фуқаросини ватанига қайтарди. Австралия, Франция, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Қозоғистон ҳам ўз фуқароларини эвакуация қилишни режалаштирмоқда.

Место для вашей рекламы