«Газета.uz» судда ДТМ устидан ғалаба қозонди

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг (ДТМ) «Газета.uz» ва нашр муаллифи Комил Жалиловга қарши даъвосини қаноатлантирмади. ДТМ шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳамда 200 млн сўм миқдоридаги маънавий зарарни ундириш тўғрисида даъво киритган эди. 27 февраль куни судья Гули Шукурлаева раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида суд ДТМ даъволарини қаноатлантириш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида хулосага келди. "Газета.uz"да реклама Ҳаммаси нимадан бошланди?ДТМ директори Мажид Каримов томонидан имзоланган аризада қайд этилишича, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг 3 октябрдаги топшириғи билан ДТМ мутасадди ҳокимликлар ва вазирликлар билан 7−15 октябрь кунлари Сирдарё вилоятида мактаб директорлари, халқ таълими бошқармаси ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ходимларининг раҳбарлик қобилиятлари ва бошқарув маҳорати, методистлар ва ўқитувчиларнинг тегишли фан бўйича билимларини аниқлаш юзасидан тест синовларини ташкил этган. Синовларда ДТМ базасидаги топшириқлардан фойдаланилган. 4 декабрь куни «Газета.uz» сайтида рус тилида «Ўқитувчини ўқитиш: ХТВнинг педагоглар малакасини ошириш бўйича режалари» («Научить учителя: Планы МНО по повышению квалификации педагогов») сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Сирдарё вилоятидаги 12261 нафар педагог ва мактаб директорининг 66 фоизи қонақарсиз баҳо олгани маълум қилинди. Матбуот анжуманида иштирок этган «Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаровга бир қатор саволлар берди. «Газета.uz»: Сиз Сирдарё вилоятида ўқитувчилар тест синовларида паст кўрсаткичларга эришди, дедингиз. Мана ўқитувчиларга адабиёт фанидан берилган тест саволлари намуналари: «Шоирнинг тарбияси билан ким шуғулланган?» Жавоблар: «опаси», «акаси», «бобоси», «бувиси». Бу саволда гап қайси шоир ҳақида экани айтилмаган. Бошқа саволлар: «Чеховнинг ҳикоясида йўғон ингичка билан хайрлашаётганда нечта бармоғини букади?» Жавоблар: «1», «2», «3», «4″. Яна бир намуна: „Капитан қизи»да бош қаҳрамон онасининг исм-шарифи нима?“ Юлия Васильевна, Виктория Васильевна, Авдотья Васильевна, Анна Васильевна». Эҳтимол, бундай сифатдаги саволлар синов натижаларининг паст бўлишига олиб келган сабаблардан биридир? Алишер Умаров: Ўқитувчилардан тест олишда биз Давлат тест марказининг ОТМларга кириш имтиҳонларидан фойдаланилувчи топшириқлар базасидан фойдаланишга мажбур бўлдик. Давлат тест маркази бу саволларни мактаб дарсликлари асосида тузади. Тест топшириқлари сифати бўйича жуда кўп эътирозлар келиб тушади, лекин биз ўлчаш учун ягона услуб керак, бироқ бизда ҳозирча таълим сифатини баҳолашнинг ягона тизими яратилгани йўқ. ДТМ ўз аризасида қайд этишича, Комил Жалиловнинг саволидаги тест топшириқлари намуналари ДТМ базасида мутлақо мавжуд эмас ва улардан тест олишдан фойдаланилмаган. Матбуот анжуманида тилга олинган ва ОАВда эълон қилинган ушбу ахборот ДТМ томонидан «асоссиз» ва «очиқдан-очиқ ёлғон» бўлиб, бирор бир ҳужжатга, далилга ёки фактга асосланмаган. Марказ маълумотларига кўра, юқорида тилга олинган тест топшириқлари ДТМ саволлар базасида мутлақо мавжуд эмас. «„Газета.uz“ интернет саҳифасида эълон қилинган мақола Давлат тест маркази раҳбарияти ва ходимларига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг меҳнат унумдорлигининг камайишига, асабийлашишига олиб келди. Шу сабабли Давлат тест маркази „Газета.uz“ электрон оммавий ахборо воситаси ва Комил Жалилов томонидан етказилган маънавий зарар миқдорини 200 млн сўм деб баҳолайди», — дейилади аризада. СудСуд мажлислари 14 ва 24 январь, 10, 26 ва 27 февраль кунлари бўлиб ўтди. «Газета.uz» ДТМга низони судгача ҳал қилишни таклиф қилди, аммо жавоб олмади. Марказ, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилганидек раддияни эълон қилиш учун ҳам нашрга мурожаат қилмади, дарҳол судга мурожаат қилишга қарор берди. Эслатиб ўтамиз, «Газета. uz» аввалроқ ДТМнинг Комил Жалилов материалларига берган жавобларини рад этмаган ва уларни сайтда эълон қилган эди. Жараёнда Комил Жалилов томонидан тилга олинган ўқитувчилар учун тест топшириқларининг ҳақиқий эканлиги ва улар ДТМ эмас, балки «Олий Мактаб» нодавлат таълим муассасасига тегишли эканлиги исботланди. Бу «Газета.uz» муаллифи матбуот анжуманида эълон қилган тест топшириқларини ўйлаб чиқармаганидан далолат беради. Шу билан бирга, Комил Жалилов тестларни кимга тегишли эканлигини билмаслигини таъкидлади, чунки ДТМга педагоглар учун тест топшириқларини ишлаб чиқиш тўғрисидаги ҳукумат топшириғи очиқ маълумотларда мавжуд эмас эди. Бундан ташқари, «Газета.uz» матбуот анжуманидаги савол ва жавоблар стенограммаси ва аудиоёзувларини тақдим этди. ДТМ адвокати Аброр Юсупов савол ва жавоблар стенограммаси аудиёзувдан фарқли эканини қайд этди. Марказ ҳимоячиси аудиоёзувга таянган ҳолда Комил Жалилов тестлар ДТМ томонидан ишлаб чиқилганини билганини таъкидлаб ўтди. Комил Жалилов репортаж ҳақида ёзиш вақтида халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров маърузасининг бир қисмини қисқартирган, бироқ бу унинг моҳиятини ўзгартирмаган. Бундан ташқари, у ходимларнинг шаъни ва қадр-қиммати ва марказнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган сўзлар ёки ибораларни ишлатмади, шунингдек, тестлар ДТМга тегишли деб даъво қилмади. Сирдарё вилоятида ўқитувчиларни синовдан ўтказишда ДТМ топшириқлар базасидан фойдаланилганлиги ҳақида эса ХТВ вакили гапирган. «Газета.uz» ва Комил Жалилов ДТМ ходимларини ҳақорат қилиш ёки марказнинг обрўсига путур етказишни мақсад қилмаган. Нашр муаллифи ўз саволлари билан тестларнинг сифатига эътибор қаратмоқчи эди, чунки Сирдарё вилоятидаги 12261 нафар ўқитувчи ва мактаб директорларининг 66 фоизи қониқарсиз деб баҳолаган. Синовларнинг классик назарияларига кўра, бундай синов натижалари нормал тақсимот қонунига мос келмайди. Қоида тариқасида, бундай ҳолларда тест натижаларини тузадиган ташкилот тест натижаларини эълон қилишдан олдин уларнинг сифатини қайтадан текшириши керак. «Газета.uz» Комил Жалиловнинг таълим соҳаси, жумладан, тест тизими муаммоларига бағишланган қарийб 30 та мақоласини эълон қилди. Уларда шахсий фикрлари келтирилмаган ёки муаллиф ДТМ ходимлари ва раҳбарларига баҳо бермаган, улар ҳақорат қилинмаган. Мақолаларда муаммолар асосли равишда таҳлил қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар илгари сурилган. «Газета.uz» адвокати Феруза Рўзимбетова ДТМ ходимларига маънавий зарар етказилгани ҳақидаги ҳолат тилга олинганини асоссиз ва мантиқсиз ҳолат деб атади. Жумладан:ДТМ ходимлар меҳнат унумдорлиги пасайганини 200 миллион сўмлик маънавий зарар учун асос сифатида келтирди, бироқ буни исботлайдиган ҳеч қандай далилларни, шу жумладан меҳнат унумдорлиги коэффициенти, маълум бир даврда пасайиш даражаси ва динамикаси ёки бошқа асосларни келтирмади.ДТМнинг қайд этишича, ходимлар ушбу мақола нашр этилиши туфайли тушкунликка тушган ва босим остида бўлган. Психологик босим ташкилотга эмас, балки ходимга етказилган зарар сифатида қаралишини ҳисобга олсак, ДТМ махсус ваколатларсиз бошқалар номидан судга мурожаат қилишга ҳақли эмас. Адвокатнинг таъкидлашича, суд жараёнида иштирок этмаётган жисмоний шахсларнинг (ДТМ ходимлари) мулкий бўлмаган зарарни юридик шахс фойдасига ундириш тўғрисидаги талаб, бундан ташқари, протсессда иштирок этмайдиган шахсларнинг (МТК ходимлари) қийналиши ва азобланиши асосида юридик шахс фойдасига маънавий зарар ундириш тўғрисидаги талаб қонунга ҳам, мантиққа ҳам тўғри келмайди. Суд мажлисларида «Газета. uz»ни қўллаб-қувватлаш учун Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Хушнудбек Худойбердиев сўзга чиқиб, судга ОАВ фаолияти тартиблари ҳақида маълумот берди, шунингдек нашр ва муаллифнинг айбсизлигини қайд этиб, ДТМ талабларининг юридик жиҳатдан асоссиз эканини тушунтириб ўтди. У марказнинг ҳаракатларини журналистларни тақиб қилиш сифатида кўрилиши мумкинлигини маълум қилиб, даъвони қаноатлантиришдан тўлиқ воз кечишга чақирди. Суд жараёнини кузатувчи сифатида Kun.uz ва Daryo.uz мухбирлари ҳам иштирок этди. Ўз навбатида, «Газета.uz» ва Комил Жалилов Давлат тест марказига қарши шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисида жавоб даъвосини киритди. Даъво тафсилотлари ҳақида кейинроқ маълум қилинади.

Место для вашей рекламы