Фатво: Коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этиш тўғрисида

Мусулмонлар идораси коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этиш масаласига аниқлик киритди. Ислом динида бирор мусулмон вафот этса, уни шариат кўрсатмасига биноан ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга буюрилган. Ушбу амалларни бажариш жараёнида одамга зарар етиш эҳтимоли мавжуд бўлса, «исломда зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ» ва «машаққат енгилликни жалб қилади» каби фиқҳий қоидаларига биноан, мазкур амалларни ижрочиларга зиён-заҳмат етказмаган шаклда бажаришга рухсат берилади. Чунки билиб туриб жонини хавф-хатарга қўйиш — ўзини ҳалокатга ташлашдир, дейилади хабарда. Бу каби ўта юқумли ва хатарли касалликлар вафот этган мусулмонларни ювиш, кафанлаш ва дафн қилишда ўзига хос талабларга риоя этишни тақозо этади. Яъни ювувчи, кафанловчи ва дафн қилувчиларга вирус ўтиш эҳтимолининг олдини олиш зарур. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан мазкур масала бўйича Мисрнинг «Дорул-ифто» фатво уюшмаси фатвоси, Азҳар уламолари кенгаши фатвоси, Туркия диёнат ишлари бошқармаси фатволари ўрганиб чиқилди. "Газета.uz"да реклама Ҳозирги кунда дунё мусулмон давлатлари тажрибасида маййитни ювиш, кафанлаш ва дафн маросими санитар ходимлар ёрдамида шариатга мувофиқ адо қилинмоқда. Ушбу амалларни бажаришда маййитнинг яқинлари иштирок этаётгани йўқ. Марҳумнинг яқин қариндошлари фақат жаноза ўқишда қатнашмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўзаро маслаҳат асосида, карантин ҳолатида маййитни имкон қадар шариат кўрсатмаларига мувофиқ ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга ҳаракат қилинади. Бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили иштирок этади. Мазкур амаллар фарзи кифоя маъносидаги ишлар бўлиб, баъзи мусулмонлар амалга оширишса, қолганларидан соқит бўлади. Демак, коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн маросимини фақат яқин қариндошлари вакиллари иштирокида қилиш лозимдир. Дафн маросимида иштирок этувчилар тиббий кўрсатмаларга амал қилишлари, жумладан, ниқоблар ва қўлқоплардан фойдаланишлари ҳамда маросимдан сўнг карантин талаблари асосида дезинфекция ва шахсий гигиена амалларини бажаришлари лозим. Таъкидлаш жоизки, жаноза, дафн ва таъзия маросимларини ихчам тарзда ўтказиш баробарида эпидемия ҳамда карантин давридаги талаблар, хусусан, гигиена қоидаларига жиддий амал қилиш лозим бўлади. Шунингдек, махсус комиссия қарори асосида қатъий чекланган таркибда ўтказилади. Эслатиб ўтамиз, 27 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси ташҳиси қўйилган илк бемор ўткир миокард инфарктидан вафот этди. Наманганлик 72 ёшли аёл 26 март куни коронавирус инфекцияси ташхиси билан Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди.

Место для вашей рекламы