Фарғонада бемор қиз ва унинг онаси ҳамширани калтаклаб, бурнини синдирди

28 январь куни Фарғона шаҳридаги 2-оилавий поликлиникада тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолати юз берди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими. Дастлабки ўрганишлардан маълум бўлишича, воқеа ультратовуш текшируви (УТТ) ўтказиладиган хонада юз берган. Ультратовуш текшируви ўтказувчи шифокор Машҳура Тошматова ва унга бириктирилган ҳамшира Матлуба Маъмурова одатдагидек беморларни навбат билан қабул қилишаётган бўлган. Машҳура Тошматованинг маълум қилишича, у навбати келган қиздан ёш болали онани навбатсиз тиббий кўрикдан ўтказишни сўрайди. Қиз таклифга рози бўлмагач, унга бир оз насиҳат қилади. Текширувдан ўтган қиз кўп ўтмай хонага онасини етаклаб келади ва тиббиёт ходимларини ҳақорат қилиб, қўл ва оёқлари билан уларга тан жароҳатлари етказади. Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Газета.uz"да реклама Юзи қонга беланиб, ҳушидан кетган ҳамширага биринчи ёрдам кўрсатилиб, оғир ҳолатда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига олиб борилади. Беморга «Ёпиқ калла мия жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суяги синиши, бурундан қон кетиши» ташхиси қўйилиб, у нейрохирургия бўлимига стационар даволаниш учун ётқизилди. Ҳозирда малакали шифокорлар томонидан беморга зарур даво муолажалари амалга оширилмоқда. Ҳудуд профилактика инспектори, лейтенант Абдували Қўчқоровнинг маълум қилишича, ҳозирда мазкур ҳолат бўйича зарур ҳужжатлар юритилиб, дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда. ССВнинг қайд этишича, жанжалкаш она-бола томонидан ўтган йил 18 январь куни ҳам Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали 3-тез тиббий ёрдами подстанцияси ҳамшираси Дилафрўз Бозоровани ҳам сабабсиз ҳақорат қилган. Ҳамшира уларнинг таҳдидан аранг қочиб қутилган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан калтакланиши ва ҳақоратланиши тез-тез содир бўлиб туради. Жумладан, жорий йилнинг 5 январь куни Сурхондарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида тиббиёт ходими беморнинг бувиси томонидан калтакланиб, ҳақорат қилинган бўлса, 2 январь куни Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида беморнинг тоғаси шифокорнинг юзига мушт тушириши оқибатида тиббиёт ходимининг бир кўзи бутунлай кўриш қобилиятини йўқотган эди. Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қонунчиликка тиббиёт ходимларига нисбатан уюштирилган суиқасдлар ва тажовузлар учун жавобгарликни кучайтириш бўйича ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлис палаталарига мурожаатномасида ҳам тиббиёт ходимлари обрўсини оширишга алоҳида тўхталиб, бу каби ҳолатлар менталитетга мутлақо тўғри келмаслиги, буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини таъкидлади ҳамда шифокорларнинг мақоми ва обрўсини ошириш шартлигига урғу берди.

Место для вашей рекламы