Ёш оилаларга уй-жой бериш механизми ўзгарди

Алоҳида намуна кўрсатган ёш оилалар учун 2020 йилда Ўзбекистон бўйича 3878та уй-жой қурилиши белгиланган. Улардан 420таси Тошкентда барпо этилади. 3 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш масаласида матбуот анжумани бўлиб ўтди, хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Ушбу масалада ҳукуматнинг учта қарори (2014, 2017 ва 2019 йилларда) қабул қилинган. Ёшлар иттифоқи раисининг биринчи ўринбосари Акмал Жумабоевнинг таъкидлашича, жорий йилда ёш оилалар учун уй-жой бериш механизм ва шартлари сўнгги қарорга мувофиқ ўзгарган. «Аввало, имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олишга тавсия этиладиган номзодларни саралаб олиш мезонлари ўзгарган. Илгари фақат турар жой шароитларини яхшилашга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган ҳамда алоҳида ютуқ, натижага эришган, спорт, маданият ва илм-фан вакилларидан иборат ёшлар имтиёзли уй-жой олиш ҳуқуқига эга бўлганди. Эндиликда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида камида уч йил мобайнида фаолият олиб бораётган ижтимоий фаол ёш оилалар, шу билан бирга, иш жойида алоҳида намуна ва хизмат кўрсатган ёш оилалар раҳбарининг тавсиясига кўра уй-жой олиш учун ариза топшириши мумкин», — деди у. Жумабоевнинг айтишича, 2020 йилдан уйлар учун бошланғич бадал тўлови оила томонидан тўланади. Шунингдек, ипотека кредит фоизи Марказий банк қайта молиялаш ставкасига тенглаштирилади. "Газета.uz"да реклама «Айни пайтда Марказий банк асосий ставкаси 16 фоизни ташкил этади ва ҳеч қаерда ипотека фоизи 16 фоиз эмас. Аслида шунинг ўзи имтиёз бўлиб хизмат қилиш керак», — дейди у. Таъкидланишича, уй-жой қиймати дастлабки бадалининг 65 фоизигача бўлган қисми Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобига 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизига тенг бўлган фоизли ставкада ссуда тариқасида ажратилганди. 2019 йилда қурилган 1064та уй-жой қийматининг дастлабки бадал маблағлари учун талаб этилаётган 60 миллиард сўм маблағ ўтган йилнинг икикнчи чораги якуни бўйича божхона тўловларининг прогноз кўрсаткичларидан ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан қопланганди. Шунингдек, яна 2116та уй-жой республика бюджетининг прогноз кўрсаткичларидан ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан олинган. 2020 йилдан бошлаб, бошланғич тўлов бўйича бундай имконият мавжуд эмас. Маълумот учун, 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 96та, Андижон вилоятида 151та, Бухоро вилоятида 160та, Жиззах вилоятида 112та, Қашқадарё вилоятида 160та, Навоий вилоятида 144та, Наманган вилоятида 64та, Самарқанд вилоятида 160та, Сурхондарё вилоятида 128та, Сирдарё вилоятида 90та, Тошкент вилоятида 192та, Фарғона вилоятида 176та, Хоразм вилоятида 96та ҳамда Тошкент шаҳрида 420та уй-жой ажратилиши белгиланган. Айни пайтда қурилиш ишлари бошланмаган, шунингдек, қурилажак уйларнинг жойлашуви аниқланмоқда.

Место для вашей рекламы