Дональд Трамп коронавирусга қарши 2,2 трлн долларлик қонунни имзолади

28 март куни АҚШ президенти Дональд Трамп Америка тарихида энг йирик миқдордаги иқтисодий рағбатлантириш тўғрисидаги қонунга қўл қўйди. Бу ҳақда АҚШнинг Оқ уй матбуот хизмати хабар берди. Мазкур «CARES Act» (Coronavirus Aid, Relief, and Economic Security Act) номли қонун коронавирус пандемиясининг АҚШ иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатишга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатаси томонидан якдиллик билан қабул қилинган. 2,2 триллион долларлик ушбу иқтисодий рағбатлантириш қуйидагича тақсимланиши режалаштирилган: "Газета.uz"да реклама Бизнесни қўллаб-қувватлаш учун: 500 млрд доллар йирик бизнесга ажратилган. Бундан 50 млрд коронавирусдан энг оғир таъсир кўрган авиакорхоналарга ажратилиши белгиланган. 350 млрд доллар эса кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун. Бунда кичик бизнес субъектлари ўзининг тадбиркорлик фаолиятини коронавирус билан боғлиқ вазиятга қарамасдан тўхтатмаслиги ва ишчиларига мунтазам равишда ойлик беришда давом этиш мақсадлари кўзланган. Аҳолига тўғридан тўғри тўлов учун: 300 млрд доллар АҚШнинг аҳолисига тўғридан-тўғри тўлов мақсадида ажратилади. Бу одам бошига 1200 долларга тенг бўлиб, ҳар бир ёш бола учун (17 ёшдан кичик бўлган) қўшимча 500 доллар миқдорида берилиши белгиланган. Ишсизлик даражасини камайтириш учун: 250 млрд доллар ишсиз қолган фуқароларга нафақа сифатида берилиши белгилаб ўтилган. Коронавирус сабабли ишидан айрилган ўртача ишчи тўрт ой давомида тўлиқ 100 фоиз маошини олади. АҚШнинг маҳаллий ҳукуматлари учун: 150 млрд доллар маҳаллий ҳукуматлар коронавирусга қарши кураши учун ажратилади. Бундан 45 млрд доллар Фалокатларни бартараф этиш фондига йўналтирилган. Соғлиқни сақлаш учун: 140 млрд доллардан ортиқ маблағ соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш мақсадида ажратилган. Бундан 100 млрд доллари тўғридан-тўғри шифохоналарга йўналтирилади. 27 млрд доллар вакцина яратиш, муолажалар ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришга қаратилган бошқа мақсадлар учун. Шунингдек, 16 млрд доллар Миллий стратегик захира яратиш учун белгиланган. 3,5 млрд доллар эса она ва бола соғлиғини ҳимоя қилишга йўналтириш режалаштирилган. Мудофаа ва хавфсизлик учун: 1 млрд доллар мудофаа ва хавфсизлик хизматларига етарлича қурол-аслаҳалар билан таъминлаш учун ажратилган. Бундан ташқари, қонунда фуқаролар, фондлар ва тадбиркорлик субъектлар учун бир қатор солиқ енгилликлари ва молиявий чеклашлар белгилаб ўтилган. Эслатиб ўтамиз, Жон Хопкинс институтининг маълумотларига кўра, дунё бўйлаб COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланганлар рўйхатида АҚШ етакчиликка чиқиб олди. 30 март кунига қадар АҚШда 140 минг нафардан зиёд аҳолида вирус аниқланган бўлиб, улардан 5 минг нафарга яқини соғайиб кетди, 2,5 мингдан ортиқроғи эса вафот этди.

Место для вашей рекламы