Давлат органларига меҳнат қонунчилигига қатъий риоя қилиш топширилди

Ўзбекистон давлат органларига меҳнат қонунчилигига қатъий амал қилиш ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи риоя этиш топширилди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши давлат тузилмаларига юборилди, дея хабар қилди «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбалари. Таҳририят ихтиёрида Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов қарори, адлия вазири Русланбек Давлетов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев, Олий суд раиси Козимдон Комилов буйруқлари нусхалари мавжуд. Бир қатор давлат органлари ҳам ушбу маълумотни тасдиқлади. Ҳужжатларда давлат органларига Меҳнат кодексининг қуйидаги моддаларига қатъий риоя қилишга кўрсатма берилди: 129 (дам олиш кунлари), 130 (дам олиш кунларида ишга жалб этишнинг чекланиши), 157 (иш вақтидан ташқари ишлар ҳамда дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун ҳақ тўлаш), 220 (ногиронлар меҳнатини муҳофаза қилишнинг қўшимча чоралари), 228 (тунги ишларда, иш вақтидан ташқари ишларда, дам олиш кунларидаги ишларда аёллар меҳнатини қўлланишни ва уларни хизмат сафарига юборишни чеклаш) ва 245 (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этишнинг тақиқланиши). "Газета.uz"да реклама Хусусан, иш вақти тугагандан кейин ходимларни ушлаб туриш, дам олиш кунлари тегишли ҳуқуқий асоссиз ишга жалб қилиш, ходимларнинг иш унумдорлиги пасайиб кетиши ҳамда моддий таъминот (электр энергияси, табиий газ, оргтехника ва бошқа) харажатларининг кўпайишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Меҳнат кодекси ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»даги қонуннинг 6, 25-моддаларига мувофиқ иш тутилиши қатъий таъкидланган. Меҳнат қонунчилигига кўра, иш вақтидан ташқари, дам олиш ва таътил кунларида ишлаганлик учун икки баравардан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланиши ёки ходимнинг хоҳишига биноан бошқа дам олиш куни белгиланиши керак. Ходимни асоссиз равишда ишга жалб қилиш йўли билан қонунчилик бузилган тақдирда, ойлик маош бўйича қўшимча тўлов ва бошқа харажатлар айбдор раҳбар ҳисобидан қопланиши керак. Хоразм вилояти ҳокимиятида иш вақтини электрон ҳисобга олиш тизимини жорий этиш режалаштирилган бўлиб, у ходимларнинг келиш ва кетиш вақтларини қайд этиб боради. Шундан келиб чиққан ҳолда иш вақтидан ташқари ишлаганлик учун қўшимча ҳақ тўлаш таъминланади. Шунингдек, давлат ташкилотининг ташкилий-назорат гуруҳи, касаба уюшмаси ходимларнинг меҳнат таътилига чиқиш графигини ишлаб чиқади ва меҳнат таътили давомида ходимларнинг саломатлигини тиклаш учун дам олиш санаторияларида ҳордиқ олиши ва даволаниши учун ходимларни имтиёзли йўлланмалар билан таъминлаши белгиланди. Маълум қилинишича, дам олиш ва байрам кунларида ходимларнинг ҳокимлик биносига фақат вилоят ҳокимлигининг ташкилий-назорат гуруҳининг ёзма рухсати билан кириш тартиби жорий этилди. Ушбу мазмундаги вазирлик буйруқлари ҳамда вилоят ҳокимлиги фармойишлари деярли барча ҳудудда имзоланган. Топшириқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан берилгани таъкидланмоқда.

Место для вашей рекламы