Давлат объектларини ижарага олган тадбиркорлар фойдаланмаган давр учун тўловлардан озод қилинди

Давлат мулки объектларида ижара асосида фаолият кўрсатиб келган ва карантин сабабли фаолиятини тўхтатган тадбиркорлардан ижара пули олинмайди. Бу ҳақда чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот котиби Мўмин Ибодов маълум қилди. Баёнотга кўра, 25 мартга қадар давлат мулки объектларидан ижара шартномаси асосида умумий овқатланиш, ўқув марказлари, жисмоний тарбия, спорт, туризм ва бошқа соҳаларда фойдаланиб келаётган, аммо карантин сабабли фаолияти вақтинча тўхтатилган тадбиркорлик субъектларига 24 март санасидан бошлаб фойдаланмаган давр учун ҳеч қандай ижара пули ҳисобланмаслиги ва тўланмайди. Бундан ташқари, пандемия билан боғлиқ вазиятни юмшатиш мақсадида шу даврда инвестиция мажбуриятлари бажарилиши кечиктирилгани учун пеня ҳамда жарималар ҳисобланмаслигига ва мажбурият бажарилмагани учун шартномалар бекор қилинмаслигига тўхталди. Аксинча, инқирозга қарши кураш Республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, тадбиркорлар томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилиши муддатлари узайтириб беришини айтиб ўтилди. "Газета.uz"да реклама Шунингдек, давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалда бўлган шартномаларга асосан харид тўловлари ўз вақтида бажарилмаса, инқирозга қарши кураш Республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, муддат қайта кўрилиб чиқилади. Қўшимча қайд этилганидек, Республика комиссиясининг топшириғига кўра, юзага келган карантин ҳолатида акциядорларга ҳам қулайликлар яратиб бериш мақсадида хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши мажлислари ва акциядорларнинг умумий йиғилишларини онлайн режимда, масофада туриб замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда овоз бериш орқали ўтказиш тизимини 1 ой ичида жорий этиш юзасидан ҳозир Агентлик томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда ва бу масала бўйича алоҳида баёнот берилиши режалажтирилгани ҳақида хабар берилди.

Место для вашей рекламы