Cotton Campaign Ўзбекистонга ташриф буюрмоқда

Жорий йилнинг 27 январь — 6 февраль кунлари Cotton Campaign халқаро коалициясининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати маълумот берди. Ташрифдан мақсад этиб, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишларни ўрганиб чиқиш режалаштирилган. Cotton Campaign — бу меҳнат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, инвестор ва бизнес-ташкилотларининг халқаро коалицияси бўлиб, унинг мақсади пахта етиштириш жараёнини болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатдан буткул холи этишдир. "Газета.uz"да реклама Коалиция Ўзбекистон ҳамда Туркманистон давлатларининг пахта маҳсулотларини жаҳонга машҳур текстил ва тайёр кийим ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан бойкот қилиниши ташаббускори саналади. Cotton Campaign коалицияcи таркибига дунёга машҳур (Nike, Zara, GAP, Levi’s, H&M, UNIQLO ва бошқалар) ишлаб чиқарувчилар вакиллари, ритейлер ҳамда касаба уюшмалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар, АҚШ мода саноати ассоциацияси, АҚШ меҳнат федерацияси ҳамда қатор бошқа ташкилотлар киради. 2019 йилда Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига чек қўйиш мақсадида тизимли ишлар олиб борилди. Айбдорлар, айниқса мансабдор шахсларга қатъий жазо чоралари кўрилди. Уларнинг қаторида 3 нафар туман ҳокими, 15 нафар туман ҳокими ўринбосари, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларда туман молия, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, ирригация, тиббиёт, кадастр бўлимлари, банк идоралари, Сувоқава ДУК, Ободонлаштириш бошқармалари, «Ёшлар иттифоқи» Кенгаши, фермер хўжаликлари раҳбарлари бор. Бундан ташқари йўл қўйган камчиликлари сабаб 2 нафар туман ҳокими эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Мазкур жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида пахта мавсумида мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг «Учинчи томон мониторинги» мутахассислари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганиш ва мониторинг қилиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш 2019 йил учун устувор вазифалардан этиб белгиланганди. Айнан шу сабаб йил давомида айни йўналишда янги механизм ва тизим асосида ишлар олиб борилди. Мазкур фаолият эндиликда ҳам давом этади.

Место для вашей рекламы